Бироқ бугун Туз кўлмакка ўхшайди, баъзида эса бутунлай қуриб қолади. Айрим олимларнинг фикрига кўра, ҳозирда Туз кўли бутунлай қуриб битиш арафасида. Яқинда олимлар ер орбитасида жойлашган сунъий йўлдошлар ёрдамида тўпланган маълумотларни ўрганишди. Ана шу маълумотлар асосида яратилган тасвирларда орол бир неча ўн йилликда деярли йўқ бўлиб кетганини кузатиш мумкин. Келинг, ана шу суратларни кўздан кечирамиз ва қачонлардир улкан бўлган кўлнинг қуриши сабабларига аниқлик киритамиз.

Туркиянинг Туз кўли
Туз кўли Туркиянинг Анқара шаҳридан 150 километр узоқликда жойлашган. Энг яхши пайтларда кўл майдони 1600 квадрат километрдан 2500 квадрат километргачани ташкил этган. Унга бир неча манбадан сув келиб тушган. Асосий манба Туркиянинг Тавр тоғ тизмасидан бошланувчи ерости сувлари эди. Шунингдек, баҳор фаслида катта миқдорда ёғадиган ёмғир сабабли ҳам кўлда сув тўпланади.

Бироқ бугун Туз кўлида сув деярли йўқ. Бунинг эса камида икки сабаби бор. Биринчидан, Туркия ҳудудида тез-тез қурғоқчилик кузатилмоқда. Иқлим ва атроф-муҳит ўзгариши бўйича экспертлар ҳисоботи ҳам ана шундан далолат бермоқда. Иккинчидан, Ўрта Ер денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришлари энг кўп намоён бўлади. Агар дунё бўйлаб саноатлашиш даврига қадар ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 1,1 даража кўтарилган бўлса, бу минтақада мазкур кўрсаткич 1,5 даражага тенг.

Туз кўли қандай йўқолиб боряпти?
Яқинда профессор Фулей Айдин-Кандемир бошчилигидаги тадқиқотчилар Туз кўли ўн йилликлар давомида қандай қилиб ўзгарганига аниқлик киритмоқчи бўлишди. Бунинг учун Landsat орбита сунъий йўлдошлари томонидан 1985 йилдан 2016 йилгача тўпланган маълумотларни ўрганишди. Мазкур спутниклар турли сиртларни таний олгани сабабли олимлар кўлнинг турли даврларда қандай кўринишда бўлганини билишди. Кузатувлар натижалари Regional Environmental Change журналида эълон қилинди.

Қуйидаги тасвирларда Туз кўли кўк рангда, балчиқ яшил, туз эса кулрангда кўрсатилган. Пайқаш мумкинки, 2000 йилга қадар кўлда сув миқдори етарли бўлган. 1992 йилда сув сатҳи кескин пасайган. Бироқ бу нисбатан нормал ҳолат деб ҳисобланган. Чунки ўша вақтда Туркия ҳудудида қурғоқчилик кузатилган. Аммо ҳатто у ҳам кўлни бутунлай қурита олмаган ва сув кўл юзасининг 16 фоизга яқин қисмини қоплаган. Бироқ ҳозирда вазият анча ёмон. Масалан, 2021 йилда сув шу даражада кам эдики, у ерга озуқа излаб учиб келган фламинголар шунчаки ўлиб кетди.

Кўлнинг жануби-ғарбий ва ғарбий қисмларида доимий сувларнинг мавжудлиги фламинголар кўпайиши учун муҳим бўлган. Чунки улар озиқланадиган бактериялар кўлнинг айнан шу шўрланиш кам бўлган қисмларида жамланган, дея қайд этди илмий иш муаллифи Айдин-Кандемир.
Туз кўлида минглаб фламинголар қирилиб кетгани тўғрисидаги репортаж
Кўлнинг қуриши сабаби
Нима учун XX аср сўнгида кўл қурғоқчиликка чидамли эди, бироқ 2000-йиллардан кейин унинг ана шу яшовчанлик ҳусусиятини йўқотиш сабаби нимада? Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Туз билан бундай жиддий муаммолар юзага келиши “кўлга қуйилувчи ерости ва ерусти ресурсларининг ўта кўп миқдорда сарфланиши” билан бир вақтга тўғри келди. Масалан, одамлар қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун айрим дарёлар ўзанини ўзгартиришди. Бошқа дарёлар эса аҳоли пунктлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун тўғонлар билан тўсилди. Бундан ташқари, қурғоқчилик ерусти сувлари танқислигига олиб келганида одамлар Туз кўли учун деярли ягона умидга айланган ерости сувларини фаол равишда камайтира бошлашди.

Тадқиқотчи Айдин-Кандемирнинг қайд этишича, ҳозирда Туркиянинг Туз кўли тақдирини аниқ айтиш имконсиз. Глобал исиш сув даражасига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Агар одамлар кўлни тўйинтирувчи манбалардан фойдаланишни бас қилмаса, у катта эҳтимол билан бутунлай йўқ бўлади.