Польша Евроиттифоқ белгилаган жаримани тўлашдан бош тортди

Жаҳон 21:23 / 28.12.2021 7346

Польша “Туров” шахтаси фаолиятини тўхтатишни рад этгани учун Европа иттифоқи белгилаган жаримани тўламайди. Бу ҳақда Польша ҳукумати матбуот котиби Петр Мюллер маълум қилди.

Польша шахтада кўмир қазишни тўхтатмагани учун ЕИга 200 миллион злотий (43,5 миллион евро) жарима тўлаши лозим.

28 октябрда мамлакат адлия вазири ва бош прокурори Збигнев Зебро Варшава Европа адлия суди белгилаган жарималарни тўламаслиги кераклигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Польша “Туров” шахтаси бўйича ҳам, суд тизимидаги ўзгаришлар бўйича ҳам белгиланган жаримани тўлаши керак эмас.

27 октябрда ЕИ суди Варшава олий суд интизом палатасини тугатишни рад этгани учун Польшага ҳар бир сутка учун бир миллион евро миқдорида жарима белгилаганди. ЕИнинг фикрича, ушбу орган Польша суд ҳокимияти мустақиллигига путур етказмоқда.

21 сентябрда ЕИ “Туров” кўмир шахтасини ёпишни рад этгани учун Польшага суткасига 500 минг евродан жарима белгилаган. Варшава шахта фаолияти расман тўхтатилмагунича белгиланган жаримани тўлаши лозим. Брюссел шахта Чехиянинг экология тизимига зарар келтирмоқда деган фикрда.

Кўпроқ янгиликлар