Kun.uz сайтида тошкентлик тадбиркорга 2 млрд сўмдан ортиқ товон пули тўлашга доир суд қарори ижро этилмаётгани ҳақида “12+3=55? Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз вақтида 1 млн доллар бўлган мулк учун товон пулини тўламаяпти” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Мақолада “Tulpor Savdo Uyi” МЧЖнинг 55 сотих ер майдони ва 2035 квадрат метр майдонга эга биноси компенсация ҳамда ер майдони кейинчалик беришга доир оғзаки ваъдалар билан бузиб ташлангани таъкидланган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил 1 февралда чиқарилган суд қарорини салкам 11 ойдирки, ижро этмаяпти.
“Tulpor Savdo Uyi” МЧЖ таъсисчиси Зокиржон Азаматов ушбу масала юзасидан яна Kun.uz’га мурожаат қилди. Унинг айтишича, шаҳар ҳокимлиги ҳузурида товон пулларини тўлаш бўйича кенгаш ташкил этилган бўлиб, кенгаш мажлисидан бир-икки кун олдин ҳокимлик юристлари “Tulpor Savdo Uyi” МЧЖ даъвоси бўйича суд қарори устидан Олий судга назорат тартибида шикоят киритади. Шу йўл билан товон пулини тўлаш масаласи сунъий равишда ортга сурилиб келинмоқда.
“Тошкент шаҳар ҳокимлиги суд қарорини бажармаяпти. Шаҳар ҳокимиятида тадбиркорлар ёки жисмоний шахслардан қарзларни тўлаш бўйича комиссия йиғилиши бўлади. Шаҳар ҳокимлиги бош юристи Шуҳрат Каримов ушбу комиссиянинг йиғилишига 1-2 кун қолганида бизнинг масаламиз бўйича суд қарори устидан Олий судга назорат тартибида мурожаат қилади.
Комиссия йиғилиши куни Ҳакимов фирмамизнинг иши Олий судда кўрилиши кераклигини айтиб, қайтариб юборади. Икки кун ўтгач, Олий суд белгиланган бож тўланмагани учун шикоятни рад этади. Шундай ҳолат 6 марта такрорланди. Орқаворотдан қандайдир ўйинлар кетяпти, шекилли.
Бормаган, мурожаат қилмаган идорам қолмади. Уларнинг ҳеч бири ноҳақ талаб қиляпсан, дейишгани йўқ. Мен хато қилаётган бўлсам, айтишсин. Булар билан 10 йилдан бери талашяпман. Аммо, товон пулини ололмаяпман.
Бир ҳолатни келтираман. Суд бир фирманинг товон пули бўйича аризасини 2 марта қайтарган. Аммо, шаҳар ҳокимлигининг комиссияси уни чақириб, товон пули тўлашга қарор чиқаряпти. Ҳокимликнинг юристи Шуҳрат Каримов, “бу фирманинг аризасини суд рад этган экан, бунга товон пули тўланмайди”, демаяпти.
Менда суд қарори бўлса-да, “ҳисоб-китоб бўлганмиз”, дейишмоқда. Икки хил стандарт бўляптими?” - дея шикоят қилди Зокиржон Азаматов.
1994 йилдан буён ишлаб чиқариш жамоаси сифатида фаолият юритиб келган ва 2001 йилда “Tulpor Savdo Uyi” МЧЖ сифатида ташкил этилган фирма таъсисчисига кўра, корхона 55 сотих ер майдонида жойлашган бўлиб, 2035 квадрат метр бино ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига эга бўлган.