Лукашенко Польшадан қочқинларни Германияга ўтказиб юборишни сўради

Жаҳон 18:44 / 26.11.2021 3758

Беларусь президенти Александр Лукашенко Польшага икки мамлакат чегарасидаги қочқинларни Германияга ўтказиб юборишни сўраб мурожаат қилди.

“Бу ерда ўз оилалари билан бирлашишни истаётган кўплаб одамлар бор, уларни ўзингизга олинг. Бу Германия учун катта юк эмас. Аммо поляклар барчани тўсиб турибди”, — деди Лукашенко Польша билан чегарадаги логистика маркази яқинида мигрантлар олдида қилган чиқишида.

Унинг айтишича, муаммо шу билан барҳам топади.

“Шунинг учун поляклардан яна бир бор сўрайман: бизга ҳеч қандай тўқнашувлар, айниқса, уруш керак эмас, бу одамларни Германияга ўтказиб юборинг. Улар Беларусга, Польшага келмаяпти. Улар Германияга кетишяпти, уларни ўтказиб юборинг ва муаммо ечилади”, — деди Беларусь президенти.

У шу билан бирга, Беларусь ҳукумати мамлакатдаги мигрантларнинг Ғарбга ўтишига тўсқинлик қилмаслигини айтди.

“Ғарбга боришни истасангиз, сизларни ушлаб, дўппосламаймиз. Бу сизнинг ихтиёрингиз. Ўта олсангиз – бораверинг”, — деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, шунингдек, Беларусь ҳукумати қочқинларни мажбуран чиқариб юбормайди.

Кўпроқ янгиликлар