Номига ижро қилинаётган фармон: Судялар рейтинги чала бўлишидан ким манфаатдор?

Ўзбекистон 14:20 / 24.11.2021 5531

2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли фармоннинг 2-бандида судя фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланди.

Шунингдек, рейтингни шакллантиришда, яъни судяларга баҳо беришда алоҳида мезонлар бўлиши ҳам назарда тутилган.

Судялар қайси мезонларга кўра баҳоланади?

Судялар олий кенгашининг Kun.uz'га маълум қилишича, судялар фаолияти қуйидаги 8та мезон асосида 100 баллик тизимда баҳоланади:

  • профессионализм;
  • малака;
  • интизом;
  • самарадорлик;
  • одоб-ахлоқ;
  • масъулият;
  • саводхонлик;
  • ахборот технологияларини қўллай олиш.

Юқоридаги ҳар бир мезон бўйича судя рейтингига ижобий ва салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаров судялар рейтинги шу йилнинг охирларида тўлиқ ишга тушишини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, аввал айтилганидек, фақат энг яхши судялар рейтинги эълон қилиб борилади. Яъни ҳар бир йўналишда (фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий) қуйи судлардан Олий суд судяларигача 10 нафардан жами 40 нафар энг яхши судялар аниқлаб олинади. Ҳарбий судларнинг судялари жиноят ишлари бўйича судялар рейтингига киритилади.

Суд тизимида судялар фаолиятини баҳолаш амалиётининг жорий этилаётгани яхши янгилик, албатта. Бироқ, президент фармонининг 2-бандига яхшилаб эътибор берилса, унинг ижроси қониқарли кўринишда амалга оширилмаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Фармонда “судя фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолаш” ҳақида гап кетади.

Бу жумладан рейтинг орқали ҳар бир судянинг иш фаолиятига очиқ ва шаффоф баҳо бериш имконини берувчи тизим жорий этилади, деган хулосага келиш мумкин. Масалан, республикадаги ОТМлар рейтинги деганда, барча ОТМларнинг ўрни ва нуфузини кўрсатиб берувчи рейтинг тушунилади. Ёки ҳокимлар рейтинги жорий этилганида, рейтингда республикадаги барча туман (шаҳар) ҳокимларининг рейтинги акс эттирилди.

ОТМлар ёки ҳокимлар рейтинги жорий этилганида фақат энг яхшиларини эълон қилиш кўзда тутилмади. Чунки рейтинг – бу тизимдаги барчанинг ўрнини очиқ-ойдин акс эттирадиган восита.

Рейтинг жамоатчиликка ҳақиқий аҳвол қандайлигини кўрсатиб беради. Фақат энг яхшиларнинг рейтинги эълон қилиниши – бу рейтингнинг моҳиятини йўқотади ва оммага “ҳаммаси зўр” деган ёлғон фикр беришдан бошқа нарсани англатмайди.

Судялар олий кенгаши котиби Хуршид Содиқов ҳамма судянинг рейтинги эълон қилинмаслигига сабаб сифатида рейтинги паст бўлиб қолган судяга у кўраётган ишларда тарафлар босим қилмаслиги, судяга ишончсизлик келиб чиқишининг олдини олишни келтирганди. Аммо бу важ қанчалик асосли?

Фақат энг яхши судяларни кўрсатиш фармон моҳиятига ҳам зид. Чунки фармоннинг номидаёқ “суд тизимида коррупциянинг олдини олиш” жумласи тилга олинади. Демак, рейтинг суд тизимининг шаффофлигини ошириш ва тизимда коррупциянинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилиши керак. Ярим-ёрти рейтингни эълон қилиш ушбу мақсадларнинг ҳеч бирига эришишга хизмат қилмайди.

Судя рейтингини шакллантириш мезонларининг биринчиси сифатида профессионализм келтирилмоқда. Ушбу мезон судя қабул қилган ҳужжатларнинг юқори инстанцияларда ўзгаришсиз қолиши, ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳолатларини баҳолайди. Ушбу мезон аслида судя фаолиятига тутиладиган энг муҳим кўзгу ҳисобланади. Чунки таниш-билишчилик ёки порахўрликка йўл қўйиш каби ҳар хил “ўйинлар”га йўл қўядиган судя қарорларининг юқори судларда “синиши” судянинг ҳақиқий фаолиятини кўрсатиб беради.

Рейтингда фақат энг яхши судяларнинг кўрсатилиши эса мана шундай судяларнинг “тегирмонига сув қуяди”. Улар рейтингда паст ўринда бўлишдан қўрқмайди ва ўз ишида давом этаверади.

Рейтингнинг фақат юқори натижа қайд этганлар кесимида юритилиши “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида ишлашга ва яшашга кўникиб қолган ҳар қандай судя учун айни муддао экани ҳақида ҳам мулоҳаза юритиб кўрилиши лозим.

Афсуски, Кенгаш президент фармонини уқувсиз ёки “эркатой” судялар манфаатидан келиб чиқиб, уларга зарар етмайдиган тарзда ижро қилишга уринмоқда. Судяларга адвокатлик қилишда давом этмоқда.

Ушбу масалада давлат органларининг шаффоф ва коррупциядан холи бўлишига масъул айрим ташкилотларнинг муносабати билан қизиқдик.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили ҳолат бўйича муносабат билдириш нотўғри бўлишини таъкидлаб, судяларнинг дахлсизлигидан келиб чиққан ҳолда, барча маълумотни Кенгашнинг ўзидан олишни тавсия қилди. Шунингдек, Агентлик мавзу бўйича саволларга жавоб олиш учун Кенгаш томонидан матбуот анжумани ташкил этилишида амалий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Матлуба Ғаниева “рейтинг” деб аталганидан сўнг, у тўлиқ эълон қилиниши тарафдори эканини билдирди.

Рейтинг тизими жорий этилганидан кейин, аслида тўлиқ эълон қилиниши керак. Рейтинг дегани ҳамма билиши мумкин бўлган ошкора нарсани англатади.

Мен ҳам улар (Кенгаш – таҳр.) билан боғланиб, нега бундай қилинаётганини сўраб кўраман. Бунга қандайдир асослари бўлиши ҳам мумкин”, – дейди Матлуба Ғаниева.

Фикримизча, кўпчиликка кучли ўнталик ёки қирқталикдаги намунали судялардан кўра Навоийдаги газета бош муҳарририга плагиат мақолани чоп этиб беришни талаб қилиб, рад этса жарима солиш билан таҳдид қилган Хуршид Турсунов ёки бўлмаса сариосиёлик Саидмуҳиддин Холиқовни уйдирмалар ила ватан хоинига чиқариб, 8 йилга "кесган" Аъзам Сайфитдинов, ёхуд мурдадан “кўрсатма олганига” қарамай, вилоят маъмурий суди раислигига кўтарилиб кетган Жамила Султоноваларнинг рейтинги кўпроқ қизиқроқ бўлса керак.

Айни шу нуқтайи назардан ҳам, жамоатчилик шу каби судяларнинг фаолиятига берилган баҳодан хабардор бўлишга ҳақли.

Маълумот учун, 30 октябр ҳолатига республикада жами 1297 нафар судя фаолият олиб бормоқда, судлардаги 34та лавозим вакант бўлиб турибди.

Аббос Салайдинов

Кўпроқ янгиликлар