Шавкат Мирзиёев йил охиригача яна уч давлатга сафар қилади

Ўзбекистон 21:10 / 23.11.2021 29105

Президент Россияга амалга оширилган ташрифи ва режалаштирилаётган сафарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Россияга борганимда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари бўйича очиқча гаплашиб олдик. Бундан ташқари, қанчалик оғир бўлмасин, ҳозирги хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам кафолатли ҳамкорларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаб келдик десак ҳам ҳақиқат бўлади.

Иқтисодий ҳамкорлигимизни ҳам 2-3 карра ошириш, 14,5 млрд долларлик катта-катта дастурлар ҳақида гаплашдик. Бир нарсага эътибор қаратишимиз керак, ҳозирги рақамлар тезлик билан кўпайиши керак. Бунинг учун энг муҳим нарса – ишонч. Давлатлар орасида ишонч бўлсагина, бу ишлар амалга ошади. Якшанба куни Ашхободга, ундан сўнг Қозоғистонга, кейин Кореяга борамиз. Нимага? Чунки тезроқ мамлакатимизда очилган имкониятларга сармоядор олиб келишимиз керак. Тезроқ инвесторларга шароит яратишимиз лозим», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайлангандан кейинги илк хорижий сафари 19 ноябрь куни Россия Федерациясига амалга оширилди. Давлат раҳбари Кремлда Владимир Путин билан учрашув ўтказди, учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилди. Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинди. Ташриф доирасида жами 18та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
  • Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқотда бўлажак ташриф ҳақида гаплашгани, шунингдек, декабрь ойида Жанубий Кореяга расмий ташриф билан бориши ҳақида хабарлар берилганди.
Кўпроқ янгиликлар