Павел Дуров: Давлат органларининг Telegram-каналларига реклама қўйилмайди

Жаҳон 19:05 / 23.11.2021 5785

Telegram асосчиси Павел Дуров ўз расмий каналида мессенжердаги мажбурий реклама постлари ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, Telegram “ҳомийлик хабарлари” (рекламалар) орқали ҳар кимга ўз канали ёки ботини тарғиб қилиш имкони берилади. Рекламалар фақат каналларда бўлади, гуруҳлар ва шахсий хабарларга жойлаштирилмайди.

Дуров, шунингдек,  фойдаланувчи маълумотлари мақсадли реклама (таргет) учун ишлатилмаслигини билдирди.

“Бошқа иловалардан фарқли ўлароқ, биз сизнинг шахсий маълумотларингиздан реклама кўрсатиш учун фойдаланмаймиз”, – дея ёзди у.

Қайд этилишича, Telegram'даги мажбурий рекламалар фақат 1000 дан ортиқ обуначига эга йирик каналларда кўрсатилади. Реклама мазмуни каналларнинг мавзусига боғлиқ бўлади.

Реклама хабарлари 160 белгидан иборат матн билан чекланади, унда медиа (фото, видео, gif ва бошқалар) ҳамда ташқи ҳаволалар бўлмайди. Шунингдек, постлар каналдаги барча янги постларни ўқиб бўлгандан сўнг кўринади.

Маълум қилинишича, реклама хабарлари ҳозирда синов режимида ва фойдаланувчиларнинг ҳаммасига ҳам кўрсатилмаяпти. Тизим тўлиқ ишга тушиб, Telegram ўзининг асосий харажатларини қоплай бошлагач, бунинг ортидан келаётган фойдадан канал админларига ҳам улуш ажратилади.

“Онлайн рекламалар бундан бу ёғига фойдаланувчилар махфийлигини суиистеъмол қилиш билан синоним бўлмаслиги керак. Биз фойдаланувчилари ва контент яратувчиларини ҳурмат қиладиган, барқарор платформа намунасини кўрсатиш орқали технология компанияси қандай ишлаши кераклигини қайта белгиламоқчимиз”, – дейди Дуров.

Ушбу пост остидаги изоҳларда Масс-медиа фонди матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев томонидан Дуровдан сиёсатчилар, давлат раҳбарлари ва ташкилотларнинг расмий Telegram-каналларида ҳам тест режимида реклама постлари пайдо бўлиши ҳақида сўралди.

Бугун, 23 ноябр куни Дуров бунга жавобан булар вақтинчалик экани, давлат амалдорлари ва давлат ташкилотларининг каналлари реклама платформасидан чиқариб ташланаётганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Telegram рекламалари Ўзбекистон президентининг расмий каналида ҳам пайдо бўлганди.

Аввалроқ Telegram'даги рекламаларни ўчиришнинг “унчалик қиммат бўлмаган” обуна шаклидаги пулли функцияси ишга тушиши хабар қилинган эди. Ҳозирча бу обунанинг нархи маълум қилинмади.

Кўпроқ янгиликлар