Ўзбекистонда дарсликлар яратиш жараёнида Финландия тажрибаси жорий қилинади

Ўзбекистон 18:27 / 23.11.2021 2941

Ўзбекистон делегацияси “Отава” нашриёт уйи халқаро савдо бўлими раҳбари Мари Кийкинен билан учрашиб дарсликларни чоп этиш жараёнини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Таълим инспекцияси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Мари Кийкинен Отава нашриётига 1890 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, ўсмирлар ва болалар учун китоблар ҳамда дарсликлар, мультимедиавий ва ўқув материалларини чоп этиш билан шуғулланишини айтди. Бугунги кунда нашриёт томонидан чоп этиладиган китоблар 600 номдан ошган.

Фото: Таълим инспекцияси ахборот хизмати

“Дарсликларни яратишда ўртача 600 га яқин мутахассис иштирок этади. Ушбу таркибнинг асосий қисмини ўқитувчилар ҳамда университетлар ва бошқа таълим муассасалари вакиллари ташкил этади. Чет тилларини ўқитишга мўлжалланган ўқув материалларини яратиш учун эса ушбу тилда она тили сифатида гаплашувчи миллат вакиллари ҳам иштирок этади,” деди Отава нашриёти вакили.

Финландия тажрибасига кўра, дарсликларни тайёрлашда имкон қадар кенгроқ йўналишдаги мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади ва ўқув дастурлари муайян кўникмаларни шакллантиришга қаратилган мавзулардан иборат бўлади.

Фото: Таълим инспекцияси ахборот хизмати

Барча фанлар учун умумий яна бир жиҳат – улар ўқувчиларда XXI аср учун зарур кўникмаларни ҳам шакллантириши зарур. Нашриёт материаллари орқали ўқитувчи олдига ҳам аниқ мақсад қўйилади. Бунда ўқитувчига ҳам дарс жараёнларини режалаштиришда кўмак берилади.

Фото: Таълим инспекцияси ахборот хизмати

Шунингдек, Финландияда ўқув жараёнлари вақтида ўқувчилар вазифаларни дарсликларда кўрсатилган йўриқномалар асосида эмас, балки ўзлари учун қулай усул ёрдамида бажаришлари мумкин. Бунда энг муҳими, ўқувчининг қоидаларга бўйсуниши эмас, маълум вазифани бажаришда ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига эътибор қаратилади.

Фото: Таълим инспекцияси ахборот хизмати

Таълим инспекция ахборотига кўра, инспекция томонидан ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича Финландия тажрибасини ўрганиш ишлари бир йил илгари бошланган. Натижада 22та фан бўйича узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурлари ишлаб чиқишда ушбу мамлакат тажрибасидан ҳам фойдаланилган.

Кўпроқ янгиликлар