Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ходимларининг янги махсус кийими тасдиқланди

Ўзбекистон 11:16 / 22.11.2021 6168

Мудофаа вазири томонидан Мудофаа вазирлиги Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ҳарбий хизматчилари учун янги намунадаги махсус кийим русуми тасдиқланиб, уни кийиб юриш қоидалари белгиланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ушбу махсус кийим русуми жаҳон мамлакатлари ҳарбий полиция бўлинмаларида жорий этилган кийимлари, уларнинг хизмат жараёнида шахсий таркибга қулайлиги, фаслларга кўра, яъни ҳарбий хизматчига ёзги вақтда салқин, матонинг ҳаво ўтказувчанлиги, қишки совуқ вақтда кийим русумининг иссиқ тутиши ўрганиб чиқилган ва инобатга олиниб, тайёрланган.

Қайд этилишича, кийим русумига қўшимча қўйилган ранг ва нур қайтарувчи матолар ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ўташ жараёнида шахсий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Ҳозирда республикадаги барча гарнизон Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси шахсий таркиби махсус кийимлар билан тўлиқ тарзда таъминланган ва ҳарбий хизматчилар ўз хизмат вазифасини янги намунадаги кийим-русумида ўтамоқда.

Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ҳарбий хизматчилари махсус кийимларини кундалик хизмат жараёнида, ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида, шунингдек, шахсий таркибнинг автомобилларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳарбий колонналарнинг кузатувини ташкиллаштиришда кийиб юради.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Ушбу махсус кийим русумини фақат Мудофаа вазирлиги Ҳарбий автомобиль назорати инспекциясидаги мавжуд лавозимида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида кийиб юриши белгиланган. Махсус кийим русумини ўз хизмат фаолияти жиҳатидан Мудофаа вазирлиги Ҳарбий автомобиль назорати инспекциясига тааллуқли бўлмаган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, фуқароларнинг кийиб юриши тақиқланган.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Ҳарбий автомобиль назорати инспекциясининг махсус кийим русумини рухсатсиз кийиб юрган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Кўпроқ янгиликлар