Талабалар, ёшлар ва таълим харажатлари: 2022 йилда келажак учун қанча маблағ сарфланади?

Ўзбекистон 13:54 / 20.11.2021 2823

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

2022 йил учун давлат бюджети даромадлари 200 триллион сўм, харажатлари эса 215,4 триллион сўм миқдорида бўлиши режалаштириляпти.

Kun.uz келаётган йилда таълим ва ёшлар учун ажратилган маблағларни 2021 йилга нисбатан қанчалик фарқ қилишини таҳлил қилди.

Олий таълимга ўтган йилга нисбатан кўпроқ маблағ ажратилади

2022 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 4,1 трлн сўм ажратилади.

Бу маблағ 2021 йилда 2,9 трлн сўмни ташкил этган. Келаётган йилда олий таълимга 1,1 трлн сўм кўпроқ маблағ сарфланиши кутилмоқда.

Талабалар турар жойлари ва «Ёшлар дафтари»га маблағлар:

  • 2022 йилда Олий таълимга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат-хусусий шериклик ва давлат олий таълим муассасасининг буюртмаси асосида талабалар турар жойини барпо этиш бўйича лойиҳаларга субсидиялар учун — 178 млрд сўм;
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга амалиёт ўтаган вақтида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидиялар учун — 14,6 млрд сўм ажратилмоқда.

Айтиш керакки, 2021 йилги бюджет қонунидан ётоқхона билан қамраб олинмаган ва уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўловига субсидиялар учун 72 млрд сўм ажратилган. 2022 йилда ижара субсидиялари назарда тутилмаган.

Халқ таълими учун ўтган йилга нисбатан кўпроқ сарфланади:

2022 йилда халқ таълими вазирлигига 25,8 трлн сўм ажратилади. Тугаётган 2021 йилда эса бу маблағ 22,1 трлн сўмни ташкил этган.

Жорий йил мактабларни интернет тармоғига улаш учун 98 млрд сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда 198 млрд сўм сарфланади.

Келаётган йилда Республика мақсадли китоб жамғармасига трансфертларга 600 млрд ажратилиши кутилмоқда. 2021 йилда эса бу харажатлар 208 млрд сўм бўлган.

Мактабгача таълимга маблағлар ўзгаришсиз қолади

2021 йилда мактабгача таълим вазирлигига 6,5 трлн сўм маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағ 2022 йилда ҳам ўзгаришсиз қолдирилади.

Ёшлар ва таълим учун бошқа харажатлар:

2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг халқаро «IТ» сертификатларини олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш харажатлари учун 4,7 млрд сўм ажратилади;

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлигига 212 млрд сўм, шундан ривожлантириш дастурлари учун харажатлар 50 млрд, ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун субсидияларга 50 млрд сўм сарфланади.

2021 йилда агентликка 317,9 млрд сўм ажратилганди.

Мутахассисларни хорижда ўқитиш харажатлари:

2021 йилда Эл-юрт умиди жамғармасига мутахассисларни хорижда тайёрлаш учун 142,6 млрд сўм ажратилган бўлса, келаётган йилда бу маблағ 170 млрд сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар