Қиролича Елизавета II тунни шифохонада ўтказди

Жаҳон 15:08 / 22.10.2021 5235

«Тиббиёт ходимлари бир неча кун дам олишни тавсия этишганидан кейин қиролича маълум текширувлардан ўтиш учун шифохонага борди. Бугун у Виндзор қалъасига қайтди ва аъло кайфиятда кунни ўтказмоқда», дейилган Букингем саройи хабарида.

Қироличани Лондон марказидаги Қирол Эдуард VII номидаги хусусий тиббий марказ шифокорлари кўриб қўйишган - бу марказ Виндзордан 32 километр масофада жойлашган. Хабар қилинишича, қироличанинг шифохонага бориши коронавирус билан боғлиқ бўлмаган.

Хабарларга кўра, Елизавета II тунни шифохонада ўтказиши амалий ишлар билан боғлиқ. Пайшанба куни кечқурун у қайтган ва Виндзордаги ишларини давом эттиришга киришган.

Айни вақтда 95 ёшда бўлган Елизавета II чоршанба куни Шимолий Ирландияга икки кунлик сафарини бошлаши режалаштирилганди, аммо шифокорларнинг тавсияси билан бу ташриф қолдирилди.

Қиролича октябрь ойи охирида Глазгода ўтказиладиган COP26 глобал иқлим конференциясида иштирок этиши кутилмоқда.

Сўнгги кунларда Елизавета II қатор маросимларда иштирок этган, сешанба куни кечқурун Виндзор қалъасида Глобал инвестиция саммитини очиб берганди. Ўша куни кундузи эса Япония ва ЕИдан элчиларни қабул қилганди. Душанба куни қиролича Янги Зеландиянинг янги генерал-губернатори билан виртуал аудиенция ўтказган, дам олиш кунларида Аскотдаги отлар пойгасини томоша қилишга борганди.

Бундан аввалроқ, 2021 йилнинг апрелида 95 ёшни қаршилаган Буюк Британия қироличаси Елизавета II Англиянинг The Oldie журнали томонидан топшириладиган «Йил кампири» мукофотини олишдан бош тортди. Қиролича ушбу мукофот учун ўзини жуда ёш ҳис қилишини айтган. 

Шунингдек, шифокорлар қироличага спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қилишдан воз кечишни ва тадбирларда ичмасликни тавсия қилгани ҳақида хабар берилганди. 

Қироллик саройидаги манбалар қиролича бу тавсияни жиддий қабул қилиб, спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечишга қарор қилганини айтишган. Бироқ илгари ҳам уни кўп ичади деб бўлмасди. Энди у ҳатто севимли «Мартини» коктейлларидан воз кечди ва фақат Malvern сувини ичмоқда.

Кўпроқ янгиликлар