Россияда ковиднинг янги антирекордлари. Москва локдаунга қайтмоқда

Жаҳон 16:33 / 21.10.2021 15041

«Москвадаги вазият ҳам энг ёмон сценарий бўйича ривожланмоқда. Яқин кунларда биз ковид билан касалланишнинг тарихий пик босқичини забт этамиз», дейилади Москва мэри Сергей Собяниннинг баёнотида.

Болалар боғчалари ва мактабларда таътил эълон қилинган. Қўшимча таълим ташкилотлари, спорт мактаблари, болалар тўгараклари ва секциялар фаолияти тўхтатилган. Олий таълим муассасалари фақат онлайн форматда дарсларни давом эттиради.

Сергей Собяниннинг баёнотига кўра, савдо марказлари, кинотеатрлар, ҳайвонот боғлари, спортзаллар ва гўзаллик салонлари ёпиқлигича қолади. Ресторанлар фақат олиб кетиш ва етказиб бериш хизмати билан ишлаши мумкин.

Театрлар ва музейлар меҳмонларни фақат QR-кодлар бўйича қабул қилиши мумкин, ўриндиқларнинг фақат 50 фоизини тўлдиришга рухсат этилган.

Москвада пайшанба куни коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 7897та янги ҳолат қайд этилган, бу кўрсаткич бир кун олдин 5847тани ташкил этганди.

Рекордлар янгиланиши
Россияда сўнгги бир кунда 1036 киши коронавирус инфекциясидан зарарланиш оқибатида вафот этди. Бу пандемия бошидан буён кунлик ўлим ҳолатлари бўйича янги рекорд кўрсаткичдир. Расмий статистика бўйича, пандемия бошидан буён Россияда ковид қурбонлари сони 227 389 кишини ташкил этмоқда.

21 октябрь тонгида берилган маълумотларга кўра, Россияда яна 36 339 кишида ковиддан зарарланиш ҳолати аниқланган. Бу ҳам кунлик ўсиш бўйича пандемия давридаги энг юқори натижадир. Бир кун олдин рекорд яна бир бор янгиланган ва янги ҳолатлар 34 073тани ташкил этганди. Мамлакатда шу вақтгача қайд этилган жами касалланиш ҳолатлари 8 131 164 тага етган.

Жами 7 091 607 киши касалликдан тузалган, сўнгги бир кунда шифохоналардан 25 895 беморга жавоб берилган.

20 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин эпидемиологик вазият оғирлашгани туфайли 30 октябрдан 7 ноябргача мамлакатда ишланмайдиган кунлар бўлишини эълон қилганди, бу муддат алоҳида регионларда маҳаллий ҳукуматлар қарори билан узайтирилиши ҳам мумкин.

Россияда коронавирус билан касалланиш даражаси баҳор охирида дельта штамми туфайли кўтарила бошлади ва сентябрь ойига келиб кунига 20 мингдан ошиқ ҳолатлар қайд этилди. Октябрь ойида эса бу кўрсаткич 30 минглик нуқтадан ўтди ва ҳар куни максимум янгиланмоқда.

Локдаундан кейин нима бўлади?
Собянин 8 ноябрдан бошлаб Москвада 60 ёшдан катталар вакцина олмаган бўлса, ижтимоий карталари блокланиши ҳақида маълум қилган. Улар фақат эмлангандан кейингина карталаридан фойдалана олиши мумкин бўлади. Сўнгги олти ой ичида коронавирусга чалиниб, тузалганларга бу чеклов тааллуқли бўлмайди.

Театрлар ва музейлар QR-кодлар режимида ишлаши мумкин бўлади, ташриф буюрувчилар тиббий ниқобда бўлиши талаб қилинади, ўриндиқлар 70 фоизгача тўлдирилишига рухсат этилади.

Бир вақтнинг ўзида 500дан ортиқ киши иштирокидаги тадбирлар ўтказишда иштирокчилардан вакцинацияни тасдиқловчи QR-кодларни кўрсатиш талаб этилади.

Москва расмийлари бир неча кун олдин ресторанларга ташриф буюрувчиларнинг QR-кодларини текшириш тизимини қайта жорий қилганди. Шаҳар мэрияси аҳолидан транспортда, дўконларда ва бошқа жамоат жойларида ниқоб тақиш ва қўлқоп кийиш режимига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.

Маданий-кўнгилочар тадбирларга кираверишдаги QR-кодлар тизими аллақачон Россиянинг ўнлаб регионларида жорий қилинган. Кириш учун QR-код тизими 22та ҳудудда кафе ва ресторанларга, 25та ҳудудда спорт тадбирларига, 13та ҳудудда меҳмонхонага ташриф буюриш учун жорий этилган.

Кўпроқ янгиликлар