Жиззах вилоятидаги олийгоҳлар сони 8 тага етказилади

Ўзбекистон 14:05 / 21.10.2021 686

“Таълимнинг пойдевори бўлган мактабгача таълим тизимида бошланган ислоҳотларимизни давом эттирамиз ҳамда қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказамиз. Бунинг учун 50 та давлат боғчалари қурилади ва таъмирланади, 730 та хусусий ва оилавий боғчалар ташкил этилади. Боғчалар учун олий маълумотли педагогларни кўпайтириш мақсадида, ушбу йўналишдаги қабул квоталари 2 баробарга оширилиб, олий маълумотли педагог кадрлар улуши 50 фоизга етказилади. 

Вилоятда таълим сифатини яхшилаш мақсадида, алоҳида дастур қабул қиламиз. Унда: энг аввало, ривожланган мамлакатлардан малакали мутахассислар олиб келиниб, вилоятдаги 22 минг нафар ўқитувчининг малакаси оширилади; хорижий мутахассислар билан бирга, ўқувчиларнинг кун давомида вақтини мазмунли ўтказишни назарда тутувчи алоҳида ўқув ва тўгараклар дастури ишлаб чиқилади; 6 мингга яқин чет тиллари ва Ай-Ти фанлари ўқитувчилари халқаро сертификат олишлари учун барча шароитлар яратилади; қизиқишлари ва қобилиятидан келиб чиқиб, мактаблардаги ўқув режалар ўқувчиларнинг танлови асосида шакллантирилади. Яъни, ўқув юкламаси сақланган ҳолда, аниқ ёки ижтимоий фанлар ўқувчининг танлови асосида ўргатилади. 

Шунингдек, вилоятда 34 та янги мактаб қурилиб, 143 та мактаб реконструкция қилинади ва натижада 55 мингта қўшимча ўқувчи ўринлари яратилади. Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳридаги юкламаси юқори бўлган 25 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари қурилади.

Олий таълим келгуси беш йилда Жиззах вилояти ривожланишининг асосий драйверларидан бирига айланиши керак. Бу борада вилоят ёшларининг олий таълим билан қамров даражаси 50 фоиздан оширилади. Бунинг учун вилоятдаги олийгоҳлар сони 8 тага етказилади. Жумладан, Жиззахда машинасозлик саноати ривожланаётганлигини ҳисобга олиб, нуфузли хорижий ҳамкорлар билан касб мактабини очамиз. Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида, Жиззах политехника институтида Инновацион ғоялар маркази ташкил этилади. Шу билан бирга, хориждан профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш кўлами кенгайтирилади.

Яна бир масала – вилоят спорти ҳақида гап борганда, аввало, ҳамманинг кўз олдига “Сўғдиёна” футбол жамоаси ҳамда “Сўғдиёна Вумен” аёллар футбол жамоаси келади. Вилоятда футболни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича катта ишларни амалга оширамиз. Жумладан, Сўғдиёна футбол клуби базасида футбол академияси ташкил этилади. Академия билан нуфузли Европа футбол жамоалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиб, мураббий ва истеъдодли ёш футболчиларни у ерда малака ошириши йўлга қўйилади”, деди президентликка номзод.

Кўпроқ янгиликлар