Булунғурдаги нимстанцияда ёнғин содир бўлди. Одамлар чироқсиз қолди

Ўзбекистон 21:17 / 21.10.2021 892

Ижтимоий тармоқларда Булунғур туманида жойлашган марказий нимстанциянинг ёнаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда Булунғур туманида жойлашган нимстанция ёниб кетгани ва оқибатда туманнинг бир қанча маҳаллаларида чироқ ўчгани ҳақида хабар берилди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотида эса нимстанцияда ёнғин бўлгани ҳақида ёзилмаган, балки қисқа туташув бўлгани маълум қилинган.

«Бугун 2021 йил 21 октябр куни кеч соат 17:01 ларда Булунғур марказий нимстанциясида қисқа туташув содир бўлган. Бунга сабаб нимстанцияни қўшиб-ўчирувчи электр шитининг тепа қисмидаги чойнакларга сув кирган.

Бироқ, туташув сабаб ҳимоя воситаси («зашитник»)да ҳам носозлик юзага келиб, ўз вақтида ишламай қолган. Туташув натижасида туманнинг Меҳржон, Истиқлол, Янгиқўрғон, Гулистон, Улуғбек, Самарқанд маҳаллалари ҳамда Дўстлик маҳалласининг айрим қисмида электр таъминотида узилишлар юзага келган. Носозлик кузатилган «Булунғур» нимстанциясига Магистрал электр тармоқлари корхонаси хизмат кўрсатади», дейилади ҳокимлик ахборот хизматининг маълумотида.

Қайд этилишича, ҳодиса юз берган жойга Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари бош муҳандиси Суннат Номуродов бошчилигидаги тезкор («авария») бригада етиб борган.

«Ноcозлик сабаблари аниқланди ва уни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Айни вақтда зарурий жиҳозлар Самарқанд вилоятидан келтирилмоқда. Носозликни қисқа вақтда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда», дейилади маълумотда.

Кўпроқ янгиликлар