Бразилия президенти пандемия вақтидаги ўлимлар сабабли оммавий қотилликда айбланиши мумкин  

Жаҳон 09:37 / 20.10.2021 4903

Ҳужжатга кўра, Болсонару ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари коронавирусдан оммавий иммунитетга эришиш мақсадида вируснинг аҳоли орасида тарқалишига йўл қўйган. Ҳужжат муаллифлари Бразилия президенти маъмуриятини мамлакатда коронавирусдан қайд қилинган ўлимларнинг ярмидан кўпида айблашган ва президентга қарши оммавий қотиллик бўйича айбловларни илгари суришга чақиришган. 

“Ҳукуматнинг пандемияга нисбатан масъулиятсиз ёндашуви бразилияликларни оммавий касалланиш хавфи остига қўйди”, деб айтилган ҳужжатда.

Ҳужжатда яна 69 нафар бошқа шахсга, жумладан Болсонарунинг уч ўғлига ва ҳукуматнинг амалдаги ҳамда собиқ аъзоларига айблов қўйиш тавсия қилинган.

Ҳисобот Бразилия сенатида 20 октябрда муҳокама қилиниши кутилмоқда. Ҳужжат расман тақдим қилиниши олдидан унинг баъзи қисмларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Ҳисобот маъқулланса, у келаси ҳафта бош прокурор Аугусто Арасга юборилади. Шундан кейин Арас 30 кун ичида ҳисоботдан келиб чиққан ҳолда кўриладиган чораларни эълон қилиши лозим. Бироқ кўпчилик Болсонарунинг иттифоқдоши деб биладиган бош прокурор президентга қарши айбловлар илгари сурмаслиги тахмин қилинмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, Бразилияда пандемия вақтида коронавирусга 21,6 млндан кўпроқ киши чалинган, улардан 603 минг нафари вафот этган.

Кўпроқ янгиликлар