«Хусусий мактаб ва боғчалар учун ойлик 3 миллион сўмгача тўловдан даромад солиғи олинмайди» - Президент 

Ўзбекистон 13:21 / 19.10.2021 6297

“Янги Ўзбекистон келажаги сифатли таълим тизими билан бевосита боғлиқ. Келажакда ҳар бир соҳа ва тармоқнинг халқаро миқёсда рақобатдош бўлиши учун, авваламбор, таълим тизимида кескин ўзгаришлар қилишимиз зарур. Шунинг учун “Билим ва инновациялар шаҳри” дастури амалга оширилади. 

Бугунги кунда 117 та маҳаллада боғча мавжуд эмас. Мазкур муаммони ҳал қилиш ва пойтахтликларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, ушбу маҳаллаларда мақбул ер участкалари боғча қуриш учун аукционга чиқарилади. Шунингдек, 200 та давлат боғчаси реконструкция қилиниб, тўлиқ жиҳозланади. Натижада, мактабгача таълим билан қамров даражаси 80 фоиздан 100 фоизга етказилади.

Кўп бора таъкидлаганимиздек, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”. Келгуси беш йилда барча янги уй-жой массивларида мактаблар қурилади ва мавжуд 180 таси реконструкция қилинади. Шаҳардаги аҳолининг даромадларини инобатга олиб, хусусий таълим муассасалари тармоғини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз. Бунинг учун шаҳарда аҳоли талаби асосида 100 та қулай ер танланиб, мактаб барпо этиш учун аукцион орқали тадбиркорларга мақсадли равишда берилади.

Айрим шаҳар мактабларида битта синфда 45-50 тагача болажонларимиз ўқиётганидан яхши хабардорман. Давлат боғчасига фарзандини бераман деб, ойлаб, ҳатто йиллаб навбат кутаётган оилалар ҳам бор. Шу боис, фарзандларини хусусий боғча ва мактабга берган ота-оналар енгилликлар беришимизни кутяпти. Энди хусусий мактаб ва боғчалар учун ойлик 3 миллион сўмгача тўловдан даромад солиғи олинмайди. Бу – ҳар бир фарзанд тўловидан ойига 400 минг сўмгача маблағ рўзғорда қолади, дегани.

Қанча қурилиш керак бўлса, қилиб берамиз, лекин мени безовта қилаётган асосий масала, бу – пойтахт мактабларидаги таълим сифати ва болаларимиз тарбияси. Мисол учун, Олмазор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Бектемир туманларида олийгоҳларга кириш даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан паст. Айниқса, Шайхонтоҳурда 5 та ва Олмазорда 4 та мактаб битирувчиларининг бор-йўғи 5-6 фоизи олийгоҳларга кира олган. Шу билан бирга, пойтахт мактабларида ўқувчиларга касб-ҳунар бериш ишлари ҳали тизимли йўлга қўйилгани йўқ. Бундан ташқари, 23 минг нафар педагогларнинг ярмидан кўпи малака тоифасига эга эмас.

Пойтахтда таълим сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент тажрибаси яратилади. Бунда ҳар бир туманга хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиб, “Илғор таълим” педагогларни ўқитиш маркази ташкил қилинади, энг замонавий методикалар ва дастурлар асосида, 23 мингдан зиёд педагогларнинг малакаси оширилади, барча чет тиллари ва Ай-Ти ўқитувчилари келгуси уч йилда халқаро сертификатлар олади.

Умуман, ўқувчилар мактабни камида битта касб-ҳунарни эгаллаган ҳолда тамомлашлари шарт. Шу мақсадда, мактабларда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашадиган алоҳида лавозим киритилади. Улар касбга ўргатишнинг янги тизими асосида 9-11 синф ўқувчилари турли корхоналарда 3 ой давомида иш ўрганишини ташкиллаштиради. Бунда касб ўрганаётган ўқувчиларга иш ҳақи давлат томонидан тўланади.

Бугунги кунда энг долзарб масала – бу бола тарбияси. Шу боис, ўқувчиларнинг кун давомида вақтини мазмунли ўтказишни назарда тутувчи алоҳида ўқув ва тўгараклар дастури ишлаб чиқилади. Бу масалада ота-оналар билан мактаб ўртасида “ўзаро мажбуриятлар шартномаси” тузилади. Энди, ота-она боланинг таълим-тарбияси учун нимага жавоб беради-ю, муаллимлар қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олади, буларнинг ҳаммаси аниқ-аниқ белгиланади. Ҳар бир мактаб атрофида жойлашган маҳалла, олийгоҳ ва корхона вакилларидан иборат “зиёлилар гуруҳлари”нинг иши фаоллаштирилади”, деди президентликка номзод.

Кўпроқ янгиликлар