Тошкент шаҳрида интернет тезлигини 5 баробарга ошириш режалаштирилган 

Ўзбекистон 13:10 / 19.10.2021 292

“Келгуси беш йилда шаҳарда интернет тезлигини 5 баробарга, рақамли хизматлар ҳажмини 3 баробарга ошириш режалаштирилган. 

Шу мақсадда, “Рақамли Тошкент” ва “Ақлли шаҳар” дастурлари амалга оширилиб, улар доирасида: шаҳарда қуриладиган ҳар бир кўп қаватли уй-жой, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа объектлар юқори тезликдаги интернет тармоғи билан жиҳозланиши шарт бўлади; мавжуд 2 мингта тиббиёт ташкилотлари, боғча, мактаб, олийгоҳ ва маҳалла идоралари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади; барча метро станциялари, автобус бекатлари ва бошқа жамоат жойлари симсиз интернет тармоғи билан таъминланади; давлат хизматлари ва пенсия тизими тўлиқ рақамлаштирилади; шаҳар аҳолиси учун ягона тиббий карта, тиббий суғурта ва электрон рецепт ахборот тизимлари ишга туширилади.

Шунингдек, барча туманларда “Хавфсиз шаҳар” тизими жорий этилади. Бунда, сунъий интеллект қурилмаларидан кенг фойдаланган ҳолда, аҳоли гавжум жойлар, дам олиш масканлари, вокзал ва аэропортлар ҳамда чорраҳаларда шахсни идентификация қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек туманида “АйТи парк” фойдаланишга топширилиб, рақамли маҳсулотлар ҳажми 100 миллион долларга етказилади. Бунда замонавий молиявий технологиялар, телемедицина, электрон тижорат, транспорт ва логистикада масофавий бошқарув, онлайн таълим каби рақамли хизматлар кенг жорий этилади. Бу орқали ахборот технологиялари соҳасида 21 мингта янги иш ўринлари яратилади”, деди президентликка номзод.

Кўпроқ янгиликлар