Эрдўған БМТнинг жорий тизими янги инқирозлар келтириб чиқаришини айтди

Жаҳон 21:31 / 19.10.2021 4596

“Ислом дунёси етарлича овоз ҳуқуқига эга бўлмаган, Африка, Лотин Америкаси ва Жанубий Осиё давлатлари манфаатлари эътиборсиз қолдириладиган БМТнинг жорий тизими истиқболга эга эмас. Вазифаси тинчлик учун курашиш ва хавфсизликни таъминлашдан иборат бўлган халқаро тузилмалар ҳозирги замон таҳдидларини бартараф этиш бўйича барча имтиҳонлардан йиқилди”, деб айтган Туркия раҳбари.

Унинг айтишича, БМТ ва бошқа халқаро тузилмаларни ислоҳ қилиш вақти келди.

“Иккинчи жаҳон урушидан кейин шакллантирилган БМТнинг амалдаги тизими ҳозирги кун таҳдидларига жаавоб бера олмайди, тинчлик ва адолатни таъминлашга қодир эмас ва янги инқирозлар келтириб чиқаришга маҳкум”, деб айтган Эрдўған.

Жумладан, Туркия президенти коронавирус пандемиясидан кейин дунё аввалгидек бўлмаслигини таъкидлаб ўтган.

“Пандемия одамлар дунёқарашини, дунёга ва глобал сиёсатга ёндашувларни тубдан ўзгартирди, дунёнинг энг ривожланган давлатларида ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни сақлаш тизимининг заиф эканини кўрсатди. Кам ривожланган ва ночор давлатлар эса умуман таҳдидлар олдида якка ўзи қолди”, деб қўшимча қилган Эрдўған. 

Туркия президенти Анголага сафари олдидан БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари - Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган давлатларгина инсоният тақдирини белгиламасликлари кераклигини айтган. У дунёда кенгашнинг доимий аъзоси бўлган 5 та давлатдан ташқари яна 200 давлат борлигини таъкидлаб ўтган.

Айни вақтда БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибига 15 та давлат киради. Улардан Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция доимий, қолган 10 давлат доимий бўлмаган аъзолар ҳисобланади. Кенгаш таркиби бир мартагина – 1963 йилда кенгайтирилган. Ўшанда кенгашга аъзо давлатлар сони 11 тадан 15 тагача оширилган.

Кўпроқ янгиликлар