Мингтадан ортиқ хонадондан иборат МФЙларда маҳалла ходимларининг маоши оширилади

Ўзбекистон 14:37 / 18.10.2021 8236

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифасини туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади;
  • туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари асосан қуйидаги манбалар бўлади:

  • фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар;
  • ҳомийлик маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Низомда қуйидагилар назарда тутилади:

  • Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш;
  • Жамғарма маблағлари ҳисобидан шахсий ва рағбатлантирувчи устамалар бериш, мукофотлаш ва ижтимоий ҳимоялаш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари:

  • Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши юзасидан доимий назорат олиб бориши;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўзлари фаолият юритаётган бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилишини ва бошқа мол-мулклари ўзларида қолдирилишини таъминлаши;
  • туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фойдаланиб келинган бино ҳамда иншоотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлаши зарур.

2021 йилда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 миллиард сўм маблағ ажратилишади. 2022 йилдан бошлаб ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маоши миқдори оширилиши билан боғлиқ қўшимча харажатлар 2021 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги вакант ўринлар ҳисобига бўшаб қолган маблағлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

Кўпроқ янгиликлар