Қайси вакциналар билан эмланган хорижликлар АҚШга кира олиши маълум қилинди

Жаҳон 14:20 / 16.10.2021 12746

8 ноябрдан Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари назорати бошқармаси (FDA) ёки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маъқуллаган коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмланган хориж фуқаролари АҚШга кира олади, деб ёзади The New York Times.

Бунда, АҚШга сафар қилаётган хорижликлар самолётга чиқиш олдидан эмлангани тўғрисидаги сертификатни кўрсатиши, мамлакатга кирганидан кейин эса уч кун ичида коронавирусга манфий тест натижасини тақдим этиши лозим.

АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари назорати бошқармаси томонидан Pfizer ва BioNTech, Moderna ҳамда Johnson & Johnson вакциналари маъқулланган. ЖССТ эса олти вакцинани маъқуллаган: Pfizer ва BioNTech, AstraZeneca, Ҳиндистоннинг Serum, Johnson & Johnson, Moderna ва Хитойнинг Sinopharm компаниялари ишлаб чиқарган вакциналар.

Аввалроқ АҚШ 8 ноябрда 30дан ортиқ мамлакатнинг эмланган фуқаролари учун чегараларини очиши хабар қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар