«Уларнинг ҳаммаси ҳам қамоқда эмас». Путин мухолифат, демократия ва Муратов ҳақида - асосий иқтибослар

Жаҳон 10:34 / 15.10.2021 28570

Россиядаги демократия ҳақида

«Россияда демократия йўқолиб бораётгани ҳақидаги гаплар бўрттирилган. Марк Твен ўз ўлими ҳақидаги миш-мишларга жавобан айтганидек, бизни ўйлагунча ўзингизда нима бўлаётганини ўйланг», деди Путин киноя билан.

Россия президенти бу борада анъанавий парламентар давлатлардаги вазиятга қарашни тавсия қилди: «Ўша АҚШда ҳам лоббизм бор. Лоббизм нима? Қонунийлаштирилган коррупция. Биз ҳам аҳмоқ эмасмиз, ҳаммасини кўриб турибмиз». Унинг фикрича, Европадаги парламентаризм ҳам жиддий муаммоларга юз тутмоқда.

Россия президентининг фикрича, Россияда ҳам муаммолар бор, лекин «улар»никидан кўп эмас, аксинча камроқ.

Мамлакатдаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, Путин «Россия революциянинг планини тўлдирган» иборасини навбатдаги марта ишлатди. У охирги марта бу гапни 20 август куни Ангела Меркел билан хайрлашув учрашувида айтганди.

Мухолифат ва Навальний ҳақида

Россия президентининг фикрича, мамлакатда мухолифат бор ва у ҳукуматни танқид қилмоқда: «Мухолифат ҳақида гапирадиган бўлсам, Россияда у бор ва дадил ишламоқда, ҳукуматни танқид қиляпти. Шунчалик кескин танқид қиляптики, бошқа мамлакатларга бунчалик танқидга имкон берилмайди ҳам. Мухолиф сайтлар ҳам ишламоқда, ҳатто уларга «Газпром» пул тўламоқда. Ҳа, ҳа, «Газпром» Европага газ сотиб, мухолиф ОАВни молиялаштирмоқда».

Муҳокама бошловчиси бўлган АҚШнинг SNBC телеканали журналисти Ҳедли Гэмбл Путиндан мамлакатда Алексей Навальний етакчилигидаги «бешинчи колонна» бор-йўқлиги, Путин мухолифларни қамоққа юбораётган бир вақтда уларнинг мавжудлигидан хавотир олиши ёки йўқлиги ҳақида сўради.

Бу саволга Путин шундай жавоб берди: «Кўчада бўлаётган намойишларга қарасангиз, уларнинг ҳаммаси ҳам қамоқда эмаслигини кўрасиз. Қонунни бузмаганлар фаолиятини давом эттирмоқда».

Россия президенти доимгидек Навальний ҳақида унинг фамилиясини айтмай гапирди: «Сиз айтган одам эса мухолифатчи бўлгани учун эмас, қонунбузарлик қилгани учун қамоқда ўтирибди. У Россияда фаолият олиб борган хорижлик тадбиркорларга нисбатан фирибгарлик қилган, бир неча марта. Халқнинг ишончидан ўз манфаати йўлида фойдаланиш, бу орқали эса иқтисодий фойда кўриш тузук иш эмас. Сиз айтган одам ҳақида фикрим шу».

Бешинчи муддатга номзодини қўйиш ҳақида

Конституцияга айнан Путин учун ўзгартириш киритилди ва энди у 2036 йилгача ҳам президент бўлиши мумкин. Аммо унинг айтишича, ҳали бу борада қарор қабул қилмаган. Ундан 84 ёшгача ҳам ҳукуматда қолиши ёки йўқлиги, шунингдек, ўринбосари ҳақида ҳам сўрашди. Аммо Путин бу саволларга жавоб беришни истамади: «Бундай саволларга ҳеч қачон жавоб бермаганман ва бу одатимдан чиқмайман. Бу борадаги гаплар вазиятни издан чиқаради. Барча давлат идоралари тинч ишлаши учун вазият стабил бўлиши керак».

Дмитрий Муратовга Нобель берилиши ҳақида

«Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов олдинроқ тинчлик йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритди. Путиннинг айтишича, у қоидалардан четга чиқмаса, хорижий агент деб топилмайди (ҳозир Россияда ҳукуматни танқид қилувчи нашрларни хорижий агент деб топиш «модага айланган»).

«У хорижий агент деб топилишига асос бўлувчи Россия қонунларини бузмаса, бундай деб топилмайди. Агар у Нобель мукофотидан ўзига қалқон сифатида фойдаланиб, қонунларни бузадиган бўлса, бунга онгли равишда борган бўлади», деди Россия президенти.

Фото: Getty Images

Европадаги газ муаммоси

Путиннинг айтишича, Европада газ етишмовчилиги юзага келаётганига Россия эмас, Европа Иттифоқи давлатларининг ўзи сабабчи: «Муаммо бизда эмас, европаликларнинг ўзида ахир. Улар вақтида ўз газ захираларини қазиб олишмади. Ёзда шамол турбиналари ишламади, бу ҳаво билан боғлиқ. Улар ўз захираларининг 75 фоизинигина қазиб олишди ва бу жуда кам. Россия доим, ҳатто совуқ уруш вақтида ҳам шартномалар шартини бажарган ҳолда Европа мамлакатларига керакли газни етказиб келган».

Путинга кўра, «Шимолий оқим-2» трубоўтказгичи Европадаги газ нархи ва талабини мўътадил ҳолатга келтиради, аммо уни ишга тушириш учун расмиятчиликларни тугатиб олиш керак.

Путин мулоқот бошловчиси америкалик Ҳедли Гэмблнинг чиройли аёл эканини, аммо Европага газ етказиб бериш борасида адашиб кетганини айтиб, ҳазил қилишга ҳам улгурди.

«Чиройли аёл, ёқимтойгина. Мен унга бир гапни айтдим, аммо у бошқа гапни айтарди, худди мени эшитмагандек. Сиз Европага газ етказиб бермаяпсиз, дейди. Бу борада ким маълумот олмоқчи бўлса, айтиб қўяй, биз Европага газ экспортини 15 фоизга оширяпмиз. «Газпром»нинг ўзи 10 фоизга оширади», деди Путин.

Нефть нархи ҳақида

«Биз қазиб олишни камайтириб туриш орқали нарх осмонга кўтарилишини истамаймиз. Биз учун барчаси стабил бўлиши муҳим», деди Путин нефть нархи ошаётгани ҳақида. Унинг фикрича, нефтнинг бир баррели 100 долларгача чиқади.

Путинга кўра, нефть нархининг мўътадиллашувида Саудия ҳукумати ва АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп катта рол ўйнаган: «Биз қазиб олишни камайтирдик, нарх мўътадиллашди. Дарвоқе, бу борада Саудия валиаҳд шаҳзодаси, Саудия қироли ва АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳам катта рол ўйнади. Бу ерда қандайдир сиёсий гап йўқ, шунчаки ўша уч томонлама музокараларда қатнашганим учун бу гапни айтяпман».

АҚШ билан муносабатлар ҳақида

Путиннинг фикрича, АҚШ ва Россия ўртасида умумий манфаатлар тўқнашуви борлиги сабаб муносабатлар барибир барқарорлашади: «АҚШ сиёсий истеблишменти рус-америка муносабатларини ўзгача кўрсатишни қачондир бас қилишига ишонаман, чунки бу уларнинг зарарига ишламоқда. Умумий манфаатлар бор экан, муносабатлар албатта стабиллашади. Ҳозирги АҚШ ҳукумати билан алоқалар жойида. Айни дамда давлат котибининг ўринбосари Москвада бўлиб турибди ва президент Байден билан кейинги учрашувлар муҳокама қилинмоқда», дейди Путин икки мамлакат муносабатлари ҳақида.

Доллар ҳақида

Россия етакчисининг фикрича, Россия доллардан воз кечиш ҳақида ўйламаяпти, аммо АҚШ ўз валютасига нисбатан ишончсизлик пайдо қилмоқда: «Доллар дунёдаги етакчи валюта сифатидаги ўрнини йўқотмоқда. Дунёдаги доллар операциялари, мамлакатларнинг доллардаги шахсий захиралари ҳам камайган. Аммо биз ҳозирча доллардан фойдаланишни тўхтатмоқчи эмасмиз, нефть ва бошқа энергия манбалари савдосида доллардан фойдаланиш бизни қониқтирмоқда».

Путиннинг фикрича, АҚШ доллардан санкция воситаси сифатида фойдаланиши Россияни бошқа валютадан фойдаланишга мажбур қилмоқда: «Шунчаки биз мижозлардан долларда пул ололмаяпмиз, шу сабаб бошқа валютага ўтишга мажбур бўляпмиз. Ҳатто АҚШнинг яқин ҳамкорлари ҳам доллардан фойдаланишни камайтирмоқда. Бу факт».

Кўпроқ янгиликлар