Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси собиқ бошлиғи ишдан ноҳақ бўшатилганини айтмоқда

Жамият 12:50 / 08.10.2021 2536

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси собиқ бошлиғи Асрор Алимардоновнинг видеомурожаати эълон қилинган. Мурожаатда собиқ раҳбар ишдан ноҳақ бўшатилганини, унга вилоят ҳокимлигидан доимий равишда босим бўлиб келганини билдирган. А.Алимардоновнинг мурожаати юзасидан вилоят Мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармасининг собиқ бошлиғи Асрор Алимардонов Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 20 сентябрдаги 483-К-сонли буйруғи билан лавозимидан озод этилган.

Унинг ишдан бўшатилишига, мазкур буйруқда ИИВ Тезкор-маълумотлар бошқармасининг жиноят иши билан боғлиқ 2021 йил 30 августдаги маълумотномаси ҳамда «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонунининг 44-моддаси, Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4- ва 6-бандлари асос қилиб олинган.

Муносабатда А.Алимардоновнинг огоҳлантирилмасдан ўрнига бошқа кишини лавозимга тайинлангани ҳақидаги гапларига ҳам жавоб берилган. Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим ташкилоти бошлиғи лавозимига Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали орқали очиқ танлов ўтказилган ва унда бир қанча номзодлар иштирок этган. Талабгор номзод сифатида қатнашган А.Алимардонов Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 31 августдаги 3-01/5-2935-сонли хатига асосан вазирлик ишчи комиссияси суҳбатидан четлаштирилган. Бу ҳолатдан Асрор Алимардонов ўз вақтида хабардор ва шахсан гувоҳ бўлган.

Таъкидланишича, ушбу очиқ танловда иштирок этган Қарши шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фурқат Норматов Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 20-сентябрдаги 483-К-сонли буйруғига асосан муносиб номзод тайинлангунга қадар барча молиявий хўжалик ҳужжатларга биринчи имзо чекиш ҳуқуқи билан Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.

А.Алимардонов ўзининг видеомурожаатида соғлиги бўлмагани учун тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетгани ҳамда бетоб бўлиб ётган даврида огоҳлантиришсиз ўрнига раҳбар тайинлангани ҳақида ҳам билдирган. Муносабатда ёзилишича, А.Алимардоновга Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси 2-оилавий поликлиникаси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган саналарнинг айрим кунларида у ишда бўлган.

Шунингдек, А.Алимардоновнинг иш фаолияти давомида йўл қўйган хато ва камчиликлари, хусусан, кўплаб номутахассис ходимларнинг фаолият олиб боришига йўл қўйгани, яна бошқа қўпол ва тизим фаолиятига таъсир этувчи ҳаракатларга йўл қўйгани бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.

Муносабатда А.Алимардоновнинг фаолияти давомида вилоят ҳокимлиги томонидан тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги важлар асосга эга эмаслиги, унинг лавозимдан озод этилиши иш берувчи, ваколатли орган – Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилгани айтиб ўтилган.

Кўпроқ янгиликлар