Вазирлар Маҳкамасида янги котибият ташкил этилди

Ўзбекистон 07:53 / 22.07.2021 6658

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосарининг функционал вазифалари тўғрисидаги ҳамда Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой, коммунал хўжалиги масалалари котибияти тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тасдиқномасига биноан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Президентга, Олий Мажлис палаталарига ва Бош вазирга ҳисобот беради.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг фаолияти қуйидаги масалаларни ҳал этишга йўналтирилган:

  • ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этиш;
  • уй-жой, коммунал хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш;
  • муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини, шунингдек транспорт коммуникацияларини модернизациялаш;
  • капитал қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар ва пудрат ишлари дастурларининг изчил амалга оширилишини таъминлаш;
  • қурилиш ва архитектура соҳасидаги ишлар сифатини назорат қилиш.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради. У Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой, коммунал хўжалиги масалалари котибиятига раҳбарлик қилади ҳамда Котибият раҳбарлари ва мутахассислари ишларини ташкил этади.

Котибият Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Котибият фаолияти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасини, унинг Раёсатини, шунингдек Вазирлар Маҳкамасини ахборот-таҳлилий таъминлашга йўналтирилади.

Котибият ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосарига бўйсунади, унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Кўпроқ янгиликлар