Шаҳрисабз туманининг тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиб, сел келди

Ўзбекистон 10:38 / 22.07.2021 22553

Ҳайитнинг биринчи куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиб, сел келган. Оқибатда олис ҳудудда жойлашган Кўл қишлоғига олиб борадиган йўл ёпилиб қолган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 20 июль куни Шаҳрисабз туманининг олис тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ва дўл ёғган ҳамда тоғ дарёлари тўлиб сел оққан. Кучли сел туман марказидан 70 километр узоқликда, олис тоғлар орасида жойлашган Кўл қишлоғига олиб борадиган йўлнинг бир қисмини ювиб кетган. Оқибатда, қишлоққа олиб борадиган ягона йўл бир неча соат ёпилиб қолган.

Қайд этилишича, вазиятдан хабар топган туман ҳокимлиги талафот етган жойга зарурий техникалар ва ёқилғи маҳсулотлари жўнатган. Махсус техника ёрдамида йўл очилган.

Эслатиб ўтамиз, 19-20 июль кунлари водий вилоятларида ҳам кучли ёмғир ва дўл ёғди. Дарё ва сойлар тўлиб сел оқди. Айниқса, Наманган вилоятининг бир нечта туманларида жойлашган дарё ва сойлардан кучли сел оқди.

Кўпроқ янгиликлар