“Ўзбекнефтгаз”: Етказиб берувчилар томонидан 38 та ҳолатда 6,1 млрд сўмлик шартнома мажбуриятлари қўпол равишда бузилган

Ўзбекистон 17:43 / 22.07.2021 4776

Бугунги кунда дунё бўйлаб давом этаётган бир томондан жадал ривожланиш, иккинчи томондан таҳликали коронавирус пандемияси билан боғлиқ глобал инқироз даврида иқтисодий ҳамкорларни, бизнес шерикларнинг ёки контрагентларнинг ишончли ва ҳалол бўлиши, муносабатлар ўзаро манфаатли тарзда тўғри йўлга қўйилиши жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖда Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида тизим корхоналари билан имзоланган шартномалар ижроси, мажбуриятларни асоссиз ва сурункали равишда бузиб келаётган контрагентлар ўрганиб таҳлил қилинди.

Хусусан, Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан ўтказилган ўрганишларда товарларни (иш, хизмат) вақтида етказиб бермаслик, сифатсиз, муддати ўтган ёки техник топшириқларга номувофиқ бўлган товарлар етказилиши, шунингдек, шартнома шартларига совуққонлик билан муносабатда бўлиши ҳолатлари юзасидан 120 та шартнома бўйича муаммоли ва ишончсиз контрагентлар томонидан жами 38 та ҳолатда 6,1 млрд сўмлик сифатсиз ёки техник топшириқ талаблари бажарилмаган ҳолда моддий қимматликлар (хизматлар) етказилиши натижасида шартнома мажбуриятларининг бузилишига йўл қўйилган.

Мисол учун, 2020–2021 йиллар давомида 2 та ҳолатда контрагентлар томонидан 4,7 млрд сўмлик маҳсулот (хизмат) етказиб берилмасдан, шартнома мажбуриятларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган.

Ёки, юқоридаги давр мобайнида 16 та ҳолатда контрагентлар томонидан шартнома муддатлари бузилиши натижасида Жамиятга 853,4 млн сўм зарар етказилган. Юзага келган ҳолатни бартараф этиш ва етказилган зарарни ундириш бўйича судга тегишли тартибда даъво аризалари киритилган.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим контрагентлар томонидан шартнома шартларига номувофиқ бўлган товарларни етказиш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

Масалан, 4 ҳолатда контрагентлар томонидан жами 107 млн сўмлик техник топшириққа номувофиқ маҳсулот етказиб берилган бўлса, бошқа 2 контрагент бўйича 57 млн сўмлик етказиб берилган товарлар кафолат даврида яроқсиз ҳолатга келган.

Тизим корхоналари (бошқарма, завод, нефть базалари) мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида ишончсиз ва муаммоли контрагентлар билан имзоланган шартномалар доирасида жами 82 та ҳолатда 3,3 млрд сўм миқдоридаги зарар етказилишининг олди олинишига эришилди.

Жумладан, Жамият мутассади ҳодимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2,2 млрд сўмлик техник топшириққа номувофиқ бўлган маҳсулотларнинг етказиб берилиши олди олинган.

Ўрганиш натижаларига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖда шартнома мажбуриятларини амалга ошириш жараёнида юзага келган салбий ҳолатлар бўйича “шубҳали ва муаммоли контрагентлар рўйхати” шакллантирилиб, келажакда уларни алоҳида назорат тартибида ўрганиш ҳамда заруриятдан келиб чиқиб уларга нисбатан харид жараёнларидаги иштирокларига чекловлар қўллаш юзасидан чора тадбирлар белгилаб олинди.

Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича профилактик назорат ишлари давом эттирилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати 

Кўпроқ янгиликлар