Фирибгарларга алданиб қолмаслик бўйича етти тавсия

Ўзбекистон 12:22 / 01.07.2021 29928

Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси доценти в.б., юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Раззоқ Алтиев фирибгарларга алданиб қолмаслик бўйича 7 тавсия ишлаб чиқди. Улар билан қуйида танишишингиз мумкин.

1-тавсия. Нотаниш шахсга эшигингизни очманг. 

Одатда фирибгарлар сифатли товарларнинг аналогларини арзон нархларда таклиф қилиб, арзон сотишларининг сабаби сифатида пул зарурлигини, ўзи хориж фуқароси эканини, шу маҳсулотдан кўп миқдорда олиб келгани ва сўнгги нусхаларини арзонга сотиб кетмоқчи эканини айтиб, сифатсиз маҳсулотни қиммат нархларда Сизга ўтказишга ҳаракат қилади. 

Бегона шахсларнинг таклифи қанчалар фойдали эшитилмасин, уларни уйингизга киритманг. Қиймати ҳақида маълумотга эга бўлмаган, сифатини текшириш имкони бўлмаган маҳсулотни кўча-кўйдан сотиб олишдан тийилинг.

Эсда тутинг! Ҳеч ким Сизга таннархидан арзон нархда маҳсулот сотмайди.

2-тавсия. Танимаган инсонингизга ишонманг! Ҳар доим ҳаммани текшириб, шахсига аниқлик киритинг. Бунга ҳақлисиз! 

Эсда тутинг! Сизга мурожаат қилувчи шахс ўзини таништиришга мажбур! 

Коммунал тўловларни ёки бошқа тўловларни йиғиш учун келган шахснинг хизмат гувоҳномасини, гувоҳномадаги муҳр ва ундаги ёзувларни текширинг. Бунга тўлиқ ҳақлисиз. Агар шубҳалансангиз, хизмат гувоҳномасини тақдим этган ташкилотга телефон қилиб, ходимнинг шахсига ойдинлик киритиб, ишонч ҳосил қилганингиздан сўнг тўловларни амалга оширинг. 

3-тавсия. Шахсий маълумотларингизни ҳеч кимга ошкор қилманг. 

Одатда ўзини банк ёки бошқа ташкилот вакили сифатида таништириб, нотаниш рақамдан телефон қилиб, телефон рақамингизга келган СМС хабарни ўқиб беришни сўраш ҳолатлари кузатилади. Бундай ҳолатларда ўзингиз билмаган ҳолатда бегона шахсга тўлов картангиздан фойдаланиш ёки бошқа тўлов манбаларингиздаги пулларингизни тасарруф қилиш имконини яратиб берасиз. Шу сабабли ҳеч кимга телефон орқали маълумот бермаслигингиз тавсия этилади. 

Ёдда тутинг! Давлат ташкилотлари ёки муассасалари ҳеч қачон Сиздан бундай маълумотларни телефон орқали талаб қилмайди.

Шунингдек, Сизга интернет тармоғи орқали келувчи лотереяда ютганингиз ёки бошқа танловлар ғолиби бўлганингиз ҳақидаги хабарларга ишонманг. Интернет-фирибгарлар шу йўл орқали Сизни алдаб, шахсий маълумотларингизни сўраб олади ва пул маблағларингизни талон-торож қиладилар.

4-тавсия. Ҳар доим Сизга берилган маълумотларни текшириб кўринг.

Фирибгарлар ўзларининг шахси ёки ваколатлари ҳақида Сизда янглиш тасаввур ҳосил қилиб, пул ва мол-мулкингизни ўзлаштириш пайида бўлади. Шу сабабли ўзингиз тушунмаган ҳужжатларга имзо қўйманг. Албатта, имзо қўядиган ҳар бир ҳужжатни, айниқса кичкина ҳарфлар билан ёзилган ҳужжатларни тўлиқ ўқиб чиқинг. Зарурат туғилса, ҳужжатни ҳуқуқшуносга ўқитиб, хулосасини олинг.

5-тавсия. Барча муносабатларни қонуний тартибда расмийлаштиришга ўрганинг. 

Фирибгарлар одатда Сиз учун фойдали бизнес ҳамкорлик ёки сердаромад шерикликка таклиф қилади. Шунингдек, қисқа муддатда кўпайтириб қайтариш шарти билан қарз олишга ҳаракат қилади. 

Ёдда тутинг! Ҳар қандай шерикчилик ёки бошқа муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мумкин. Пул берилиши ёки мол-мулк топширилиши билан боғлиқ жараённи қонуний тартибда, яъни нотариал ёки бошқа шаклда расмийлаштиринг. Мулкдор бўла туриб, ўз эгалигига мол-мулк расмийлаштирмаган шахс билан ҳамкорликдан тийилинг.  

6-тавсия. Ноқонуний фаолиятдан ўзингизни тийинг. 

Ёдда тутинг! Фирибгарлар қонуний тартибда ҳал қилинмайдиган ёки мураккаб тартибда ҳал қилинадиган муаммоларни ҳақ ёки пора эвазига ижобий ҳал қилиб беришни ваъда берадилар.

Одатда фирибгарлар юқори лавозимлардаги мансабдор шахсларга пора бериш орқали муаммони ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилишади. Унутманг, бундай ҳолатда пул беришингиз билан ўзингиз пора бериш жиноятини содир этган бўлиб қоласиз ва қонунда белгиланган 30 кунлик муддат ўтганидан сўнг, фирибгарга қарши ариза беришингиз натижасида ўзингизга нисбатан ҳам жиноий таъқиб амалга оширилади. Шу сабабли ҳар қандай ноқонуний фаолиятдан ўзингизни тийинг. 

Ёдда тутинг! Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройли.

7-тавсия. Ўз мулкингизга бефарқ муносабатда бўлманг.

Мол-мулкингизни қаровсиз қолдирманг, шунингдек, фарзандларингиз ва оила аъзоларингизга заруратсиз қиммат буюмларни (телефон, заргарлик буюмлари ва бошқа) топшириб қўйманг. Фолбин ёки Сизнинг келажагингизни башорат қилувчи бошқа шахсларга ишонманг. Улар Сизнинг психо-физиологик ҳолатингиздан фойдаланиб, алдаб мол-мулкингизни ўзлаштирувчи профессионал фирибгарлардир.

Ёдда тутинг! Аксарият ҳолларда ўзимиз фирибгарларга бизни алдашлари учун шарт-шароитлар яратиб берамиз. 

Алданганингизни сезиб қолсангиз, зудлик билан “102” рақамига қўнғироқ қилинг ва бўлган ҳолатни батафсил баён этинг.

Кўпроқ янгиликлар