Россия делегацияси самолёти Байден сабабли Швейцария устида бир соат учиб юрди

Жаҳон 22:00 / 15.06.2021 23322

Борткузатувчи самолёт қўниш олдидан кутиш режимига қўйилганини эълон қилган. Бу вақтда Россия ҳукумат самолёти Швейцарияга яқинлашиб қолган бўлган, бироқ қўниш ўрнига бир соат Женева кўли устида учиб юрган. Таъкидланишича, ушбу ҳолат Швейцарияга АҚШ президенти Жо Байден учиб келгани билан боғланган. 

Аввалроқ Байден самолёти Женева аэропортига қўнди. АҚШ етакчисини бу ерда Швейцария президенти Ги Пармелен ва Женева кантони ҳукумати раиси Серж Дал Бюско кутиб олган.

АҚШ делегациясига давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам кирган. Бироқ АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден Женевага келмаган.

АҚШ президенти шаҳар бўйлаб 3,5 тонналик Cadillac лимузинида ҳаракатланиши кутилмоқда. «Биринчи рақамли лимузин» кимёвий ва биологик ҳужумдан ҳимояланган.

ОАВ маълумотларига кўра, Байден Hotel Intercontinental меҳмонхонасида тўхтайди. Шунингдек, 15 июн кечки вақт у Швейцария президенти билан учрашиши кутилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин эса Женевага Байден билан музокаралар ўтадиган кун – 16 июнда келади.

Аввалроқ АҚШ ва Россия президентлари учрашуви маҳаллий вақт билан соат 13:15да бошланиши ва 4 соат 45 дақиқа давом этиши маълум бўлган. Учрашув дастлаб тор доирада, сўнгра кенгайтирилган тартибда ўтади. Шундан кейин икки давлат етакчиси музокаралар натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказади.

Кўпроқ янгиликлар