«Бек-Барака» бозорида фирибгарлик ва тамагирлик билан шуғулланган шахслар ушланди

Ўзбекистон 08:42 / 11.06.2021 16278

Вилоят ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йил 29 май куни Тошкент вилоят ИИББга фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Зангиота тумани ҳудудида жойлашган «Бек-Барака» савдо мажмуасидаги ёйма кийим-кечак бозорида савдо қилишини, бозорда «Камронбек» ва «Нигина» исмли шахслар савдо қилувчилардан ноқонуний равишда пул талаб қилаётганини билдирган.

Аризага асосан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари давомида, ўзларини бозорда ишловчи масъул шахс сифатида таништирганлар, мурожаат эгаларидан шу жойда ишлаши учун ҳар ойда 100 АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилаётгани, бу талаб бажарилмаган тақдирда савдо растаси фаолиятини чеклаш билан таҳдид қилиши, шу йўл билан улар савдо қилувчилардан жами 9 млн сўм миқдорида пул олгани аниқланди.

Шундан сўнг, ИИББ тезкор ходимлари томонидан махсус тадбир ўтказилиб, фирибгарлик ва тамагирликда гумонланган 6 нафар шахс ушланган.

Жумладан, Учтепа туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Нигина И., Марғилон шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган Камронбек Ж. ва 1993 йилда туғилган Фирдавс Ж., Зангиота туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган Насиба О., 1996 йилда туғилган Ноилахон А. ҳамда 1998 йилда туғилган Наимахон А. ушбу ҳолатга бевосита алоқадорлиги аниқланиб, тегишли тартибда ишга жалб қилинган.

Ўтказилган суҳбат давомида улар ҳақиқатдан ҳам аризада кўрсатилган фуқаролардан савдо қилишлари учун ноқонуний равишда пул талаб қилиб келгани ва бугунги кунда жами 9 млн сўм миқдоридаги пулларни олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганини маълум қилиб, айбига иқрорликларини билдиришган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан, ушланган шахсларга нисбатан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, 28, 211-моддаси 2- қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Кўпроқ янгиликлар