Янги купюралар, МИХ ва унинг пенсияларга таъсири – ҳафтанинг «пуллик» хабарлари

Иқтисодиёт 20:29 / 06.06.2021 34428

Ўзбекистонда биринчи марта минимал истеъмол харажатлари эълон қилинди

Республика аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгиланди.

Ҳозирга қадар камбағаллик чегараси реал кўрсатгичларга асосланмаган эди. Эндиликда шу қиймат орқали камбағалликка қарши курашишда бу чегарадан фойдаланалиши маълум қилинди. МИХ аҳолига моддий-ижтимоий ёрдам беришда, пенсия ва нафақалари тайинлашда яхши самара беради.

1 июлдан пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилади

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

Шунингдек, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилди.

Боқувчисини йўқотганлик учун ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам нафақалар оширилмоқда.

Ўзбекистонда 2 000 ва 20 000 сўмлик купюралар муомалага чиқарилади

Янги купюралар 2021 йилнинг 14 июнидан муомалага чиқарилиши кутилмоқда. Купюралар дизайни тасдиқланди.

Мазкур банкнотлар тематикаси «Буюк Ипак йўли» ва мамлакат ҳудудидаги қадимий Бухоро шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси тарихига бағишланган.

Солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳақида батафсил маълумот берилди

2021 йил 1 июндан бошлаб уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлиқ тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра, солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектлари солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

Гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ суммаси тадбиркорлик субъектлари томонидан охирги уч йил давомида тўланган солиқ суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

Бу борада муҳим саволларга Молия вазирлиги масъули батафсил жавоб берди.

Ер-мулк солиғи миқдорини объектнинг бозор қийматига қараб белгилашга ўтилади

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Ўзбекистонда ер ва мол-мулкка унинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқ солиш тизими ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

«3 қаватли уйи бор одам 3 баробар кўп солиқ тўлаши керак. Бу ерда асосий мақсад – бозор қийматига келиш. Aгар сизнинг квартирангиз ёки ҳовлингиз қиммат бўлса, меники ундан арзонроқ бўлса, мен сиздан камроқ солиқ тўлашим керак. Бозор қийматидан келиб чиқилса, шундай бўлади. Биз барқарор тизим яратиш орқали адолатни таъминламоқчимиз», деди вазир ўринбосари.

Бухорода 2,8 миллиардлик газ-кимё мажмуаси қурилади

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Бухоро вилоятида Россия билан ҳамкорликда қурилаётган йирик газ-кимё мажмуаси лойиҳани «МДҲда тенгсиз» деб таърифлади.

Мажмуа МТО (метанолдан-олефинлар) технологиясига асосланади. Лойиҳани молиялаштириш ва молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни суғурталаш учун 800 миллион доллар ажратилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар