«Ҳиндистон билан авиақатновни тўхтатиш бўйича қарор фақат Махсус комиссия томонидан қабул қилиниши мумкин» - Транспорт вазирлиги

Ўзбекистон 16:43 / 04.05.2021 6053

Ҳиндистонда инфекция юқтириб олиш билан боғлиқ вазият ўта оғирлигида қолмоқда. Ижтимоий тармоқларда беморлар учун касалхоналарда жой йўқлиги, дори-дармон етишмовчилиги юзага келгани ҳақида турли маълумотлар тарқалди. Ўлимлар сони кўплигидан жасадлар оммавий тарзда кўчаларда ёқиб юборилаётгани қайд этиляпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, коронавируснинг “ҳиндча” штамми ўта юқумли ва антитаналарга чидамлилиги билан ўта хавфли ҳисобланади.

“Ҳиндча” штамм киришининг олдини олиш мақсадида айрим давлатлар Ҳиндистон билан алоқаларини тўхтатди. Айни пайтда Ўзбекистондан ҳам Ҳиндистонга авиақатновлар амалга оширилмоқда. Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовнинг Kun.uz мухбирига берган хабарига кўра, “қизил” тоифага кирувчи давлатлар билан ҳаво қатновини тўхтатиш ёки қайта тиклаш фақатгина Республика махсус комиссияси томонидан амалга оширилади.

“Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига ҳафтада икки маротаба Тошкентдан рейслар йўлга қўйилган. Махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилгач, унинг хулосаси асосида вазирлик томонидан Ҳиндистонга авиақатновлар камайтирилиши ёки тўхтатилиши мумкин. Ҳозирги вақтда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида республикамизга авиақатновларда кириб келаётган барча йўловчилар ПЗР усули билан COVID-19’га манфий натижали маълумотномани тақдим этиши орқали назорат қилинмоқда”, деди у.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида ҳозирги вақтда коронавируснинг “ҳиндча” штамми билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган.

Сўнгги кунларда Ҳиндистон коронавирусга чалиниш ҳолатларининг қайд этилиши бўйича дунёда пешқадамлик қилмоқда. 4 май куни суткалик ўсиш 355 мингтани ташкил этди, 30 апрел куни 400 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилганди.

1 май куни қайд этилган статистика мамлакатда жами 19,1 миллион ҳолат қайд этилиб, 15,6 миллиондан ортиқ киши соғайган, 211 минг бемор вафот этганлигини билдирган бўлса, бугунга келиб коронавирусга чалинганлар сони 20 миллион 200 мингдан ошиб кетди. Соғайганлар сони 16,6 миллионни ташкил этади, касалликдан вафот этганлар 222 мингдан ошган. Ўлимлар сони бўйича Ҳиндистон айни пайтда жаҳондаги учинчи юқори кўрсаткичга чиққан мамлакат бўлиб қолди.

Янги ҳолатлар сони аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, кўрсаткичнинг камайиши эса тест олиш ҳажмининг камайиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, шифохоналарда беморлар учун кислород етишмаслиги жиддий муаммолигича қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда коронавирусдан 222 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Кўпроқ янгиликлар