G7 вакиллари Россия ва Хитой билан ўзаро алоқаларни қайта кўриб чиқади

Жаҳон 12:11 / 04.05.2021 10277

Лондонда «Катта еттилик» (G7) давлатлари ташқи ишлар вазирларининг ялпи мажлиси ўтказилади.

Гуруҳ халқаро таҳдидларга қарши халқаро қоидаларни ҳимоя қилишнинг янги усулларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Хусусан, мажлис кун тартибида Мянмадаги инқироз, Россия, Хитой ва Эрон билан алоқалар, шунингдек, Ливия, Эфиопия, Беларусдаги вазият ҳамда Суриядаги фуқаролар уруши масалалари кўриб чиқилади.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб мунозара жараёнларига раҳбарлик қилади.

Унинг сўзларига кўра, бу «умумий муаммолар ва ўсиб бораётган таҳдидлар»га қарши курашиш учун имкониятдир.

Уч кунлик саммитга меҳмон давлатлар сифатида Австралия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Жанубий Африка Республикаси ҳам таклиф қилинган. Бу Буюк Британия Ҳинд-Тинч океани минтақаси билан алоқаларни чуқурлаштиришга ҳаракат қилаётгани билан изоҳланмоқда.

Шунингдек, Доминик Рааб ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида музокаралар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича Буюк Британия-АҚШ қўшма матбуот анжуманида Буюк Британиянинг ташқи ишлар вазири Россия ва Хитой каби душман давлатлар олдида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиб, «ўхшаш мамлакатлар» томон силжиш борлигини айтиб ўтган.

Доминик Рааб Лондон ва Вашингтон бу каби масалаларда «елкама-елка» туришганини, Блинкен эса АҚШнинг Буюк Британиядан кўра «яқин иттифоқчиси ва яқин шериги» йўқлигини таъкидлаган.

G7 йиғилиши сўнгги икки йил ичида биринчи марта юзма-юз бўлиб ўтади.

Маълумот учун, «Катта еттилик» (G7) халқаро клуб мақомига эга бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада, Германия ва Японияни ўз ичига олади. G7 халқаро ташкилот ҳисобланмайди, ушбу жамият халқаро келишувга ҳам асосланмаган ва секретариат уставига эга эмас. Еттилик қарорлари мажбуран қўлланиши керак бўлган қонун ҳисобланмайди.

Кўпроқ янгиликлар