ДСҚ Касаба уюшмаси Кушербаевни судга беришга ҳақлими?

Ўзбекистон 22:55 / 04.05.2021 25321

Давлат солиқ қўмитаси Бирлашган касаба уюшмаси солиқчиларнинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиб, депутат Расул Кушербаевни судга берган.

«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунга кўра, касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси киритишга ҳақли экани белгиланган.

Kun.uz мухбири 4 май кунги матбуот анжуманида Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббосовдан ушбу масалада муносабат билдиришни сўради.

Аббосов, Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига асосан, ҳар қандай шахс бузилган ҳуқуқини тиклаш мақсадида судларга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани, унинг даъвоси асосли ё асосли эмаслиги ишни кўриш якунида қабул қилинадиган суд ҳужжатида акс эттирилиши, шу нуқтайи назардан ҳали иши кўрилмай туриб, бирор шахснинг даъвосини асоссиз ёки даъво киритишга ваколатсиз деб топишга судлар ҳақли эмаслигини таъкидлади.

«Маълумки, Фуқаролик процессуал кодексида даъво ариза келиб тушгандан бошлаб 10 кунлик муддатда судья фуқаролик ишини қўзғатиш масаласини ҳал қилади. У иш ҳозир ана шу босқичда. Шу туфайли мен судьянинг мустақиллиги нуқтайи назаридан бошқа тафсилотларига тўхталолмайман», – деди шаҳар суди раиси ўринбосари.

Шуҳрат Аббосов ушбу 10 кунлик муддатда судья даъво аризани қайтариш, даъво аризани қабул қилишни рад этиш ёки аризани иш юритувига қабул қилиб, фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида 3 хил ажримдан бирини чиқариш ваколатига эгалигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Расул Кушербаев устидан ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритиб, депутатдан 4,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундирилишини ва депутат ОАВ орқали раддия бериб, кечирим сўрашини талаб қилмоқда.

Ижро органи парламент вакилидан 4,6 миллиард сўм ундирмоқчи бўлаётгани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Кўпроқ янгиликлар