Тоғлар орасидаги Ғелон — ёзгача қор ёғадиган, хусусий ГЭСлари бор қишлоқ

Ўзбекистон 10:03 / 17.04.2021 31090

Наврўз байрамида берилган таътилдан фойдаланиб, Қашқадарёнинг ажиб қишлоқларидан бири – Ғелонга боришга қарор қилдик. Эсингизда бўлса, Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳисобланувчи Ҳазрати Султон чўққисига саёҳат давомида бу қишлоққа ҳам тўхталиб ўтгандик. Бу гал тоғлар орасидаги ажойиб қишлоқ ҳақида алоҳида кўрсатув қилишга қарор қилдик, чунки у ернинг табиати ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Сафаримиз Шаҳрисабздан бошланди. Ғелонлик ҳайдовчи ҳамроҳимиз бизни айнан Шаҳрисабзда кутиб олди. Манзилимиз шаҳардан 3 соатлик йўлда жойлашганди. Ҳисорак сув омборига кўтарилиб, тоғлар орасига кира бошлар эканмиз, ташқи дунёдан узилиб, табиат билан ёлғиз қолдик: алоқа йўқолди, телефонлар фақат камера вазифасини бажара бошлади. Албатта, бундай гўзалликни ҳеч нарсага чалғимай томоша қилиш ёқимли, лекин кўрганларимизни сизга ҳам илинмасак, тўғри бўлмасди.

Дарвоқе, сув омборида сув ҳали анча кам ва уни тўлдирадиган дарё ўзани ёздагидан анча пасайганди. Чунки ҳозир сув омборига фақат ёмғир ва селларнинг суви бориб қуйилмоқда. Ёзда қорлар эрий бошлагач, сув кўпайиб, зилоллашади ва Ҳисорак кўм-кўк тусга киради. Дарё ҳали тўлмагани баҳонасида унинг ичига кириб, ўзаннинг салобатини ҳис қилдик. Ундаги тошлар шунчалик чиройлики, шаҳарда қурилиш қилувчилар уларни олиб кета олмаслигидан хурсанд бўлдик. Ахир бунча масофадан тош олиб кетиш уларга ҳам қимматга тушади.

Сув омборидан тоғлар орасига кириб борар эканмиз, қишлоқлар аста-секин кўздан узоқлаша бошлади. Уйлар тугаган жойда ҳаёт ҳам тугади, қолганига одамлар яшамайди, тоғлар фақат жониворларга қолган бўлса керак, деб ўйлайди билмаганлар. Лекин Қашқадарёнинг азим тоғлари бағрида биз кўзлаб бораётлан ажойиб қишлоқлар бор. Борган кунимиз роса ёмғир ёғди, йўлда юриш ҳам шунга яраша қийин бўлди. Тоғга чиққан сари туман кўпайиб, камера ҳам атрофни яхши суратга тушира олмади.

Шу ўринда тоғ орасида ким бунақа йўл қурган экан, деб ўйлаётгандирсиз. Манзилга бизни олиб борган ҳайдовчининг айтишича, 1978 йилда тоғлар ичидан шу йўл очилган. Унгача одамлар эшакда тоғ ошиб, Ургутга егулик учун тушиб юрган. Йўл очилгани Шаҳрисабзни Ғелон ва Кўл қишлоғи учун ҳам шаҳар, ҳам марказга айлантирган. Дарвоқе, ҳар икки қишлоқ Шаҳрисабз тумани таркибига киради.

Тоғ орасида барпо этилган йўл ҳар йили таъмирлаб турилади ва одамларнинг айтишича, ҳашар вақтида бутун қишлоқ енг шимариб ишлайди. Ахир, уларни тараққиёт ва ХХI аср билан мана шу йўл боғлайди-да. Йўллар ҳар замон тош кўчиши оқибатида ёпилиб ҳам қолади.

Бундай вақтда Кўл ва Ғелон қишлоғида биттадан мавжуд бўлган булдозерлар ишга киришади. Одамларнинг айтишича, Ғелондаги булдозерни сотиб олиш учун маҳалла аҳли бироз пул йиғган ва давлатнинг ёрдами билан муҳим техника сотиб олинган. Кўл қишлоғига ҳам ҳудудда ҳарбий қисм бўлгани учун давлат булдозер олиб берган. Чунки ҳарбийлар ҳам шу йўлдан қатнайди. Боришимизда ҳам катта тошлар йўлни ёпиб қўйган ва одамлар тошни суриб битта машина сиғадиган йўл очганди.

Бу йўлларда фақат 4 та ғилдираги ҳам тортадиган машиналар юра олади, оддий «олифта машиналар» эса тоғ йўлида кор қилмайди. Одамлар асосан эски «Нива» ҳамда «УАЗ» машиналарида юради. Албатта, «Каптива» ёки «Прадо» ҳам тоғ йўлида зўр юради, лекин бу машиналарнинг нархи тоғ одамларига қимматлик қилади. Ғелон қишлоғида 30 чоғлик такси юраркан. Ўзига хос таксилар отряди ҳам «Нива» ҳамда «УАЗ» машиналаридан иборат. «Нива»га 7 кишигача минишади, шундай қатнаш одамларга арзонроққа тушади.

Тоғ ичига 50 кмча киргандан кейин битта кўприк ва иккига бўлинган йўл кўринади. Йўлнинг бири Ғелонга, иккинчиси Кўл қишлоғига олиб боради. Биринчи манзилимиз Ғелон бўлди, Кўл қишлоғи ҳақида лавҳаларни алоҳида эълон қиламиз.

Ғелонда 7 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ одамлари тожик миллатига мансуб, шу сабаб у ердаги жамоат жойларидаги ёзувлар тожик тилида. Пандемия тоғ орасидаги бу қишлоққа ҳам таъсир қилган. Қишлоқда бир нечта меҳмон уйлари бор ва коронавирусдан аввал қишлоққа кўкламда кўп сайёҳлар ташриф буюрган. Пандемия эса туризмга боғланган оилаларга, таксичиларга салбий таъсир қилган. Одамларнинг айтишича, коронавирус Ўзбекистонга кириб келиши билан қишлоққа кириб келадиган шлагбаум тушириб қўйилган ва ғелонликлар навбати билан постда туриб, бегоналарни қишлоққа киритмаган. Натижада қишлоқда бирор киши коронавирус юқтирмаганини айтишди.

Меҳмон уйга жойлашгандан кейин тезда қишлоқ айланишга тушдик. Илк манзилимиз қишлоқнинг ҳамма ери кўринадиган тепалик бўлди. У ердан бутун қишлоқни кўрамиз деб ўйлагандик, лекин тепада гупиллаб қор ёғаётганди.

20 март бўлишига қарамай, «календарга эътибор қилмай ёғаётган» қордан завқлангач, қишлоқнинг мактабини ҳам бориб кўрдик. Буни қарангки, Шаҳрисабз туманидаги 1-мактаб айнан Ғелон қишлоғида жойлашган экан. Қишлоқда 3 та мактаб бор ва ундан иккитасини давлат қуриб берган бўлса, битта филиални одамларнинг ўзи ҳашар йўли билан бунёд қилган. Қишлоқ одамларининг меҳмондўстлигини қарангки, мактаб қоровули кетаётганимизда бизни мактаб боғида пишган олма билан сийлади.

Кейинги манзилимиз Ғелоннинг энг инновацион жойи бўлди. Қишлоқ тоғ орасида жойлашган бўлса-да, у ергача «давлатнинг свети» етиб борган, бироқ чироқ кўп ўчади. Бунга қишлоқда инновацион ечим топилган: одамлар пул йиғиб, қишлоқ пастидан оқиб ўтувчи ва Ҳисорак сув омборига бориб қуйилувчи тоғ дарёсида 50 тадан ортиқ мини ГЭС қурган. Ҳаммаси оддий арифметика: сув ариқ ёки труба ёрдамида тепага чиқариб, катта босим билан яна пастга қараб йўналтирилади.

Шиддат билан отилган сув махсус ясалган генераторни айлантиради. Унинг айланиши эса электр энергияси ишлаб чиқаради. Одамлар юқорида айтганимиз «давлатнинг свети» ўчган вақтда ГЭСдан фойдаланади. Таъбир жоиз бўлса, Ғелон бу борада шаҳарлардан кўра анча инновационроқ.

Биз билан суҳбатда бўлган ғелонликлар қишлоқнинг таъриф-у таснифини келтириш билан бирга, баъзи муаммоларни ҳам санаб қолишди. Уларнинг муаммоси бошқа ердаги каби йўл, свет, газдан иборат эмас. Йўлни одамларнинг ўзи ҳашар билан эплаб олган, светни ҳам эплашган, газ эса табиийки етиб бормаган. Одамларнинг айтишича, қишлоқдаги асосий муаммо аёлларнинг ишсизлиги. Бизда ҳам аёллар ишлайдиган жойлар бўлса, яхши бўларди, деб қолишди ғелонликлар. Албатта, бундай олис қишлоққа фабрика қуриш тўғри вариант эмас ва бизнингча, ривожлантириш мумкин бўлган ягона соҳа – туризм. Чунки бунақа табиатни кўриш учун одамлар пул тўлашга тайёр. Агар туризм тизимли ташкил қилинса, қишлоқликлар ҳам яхшироқ яшаб кетса керак.

Ғелон ҳақида интернетда чет эллик блогерлар кулгига олиб, ножиддий видеолар эълон қилишган, шу сабаб бугун сизга Қашқадарёнинг бу гўзал гўшаси ҳақида ҳикоя қилгимиз келди. Имконимиз борича ва камерамизнинг сифати жавоб берган даражада қишлоқ табиатини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Маслаҳатимиз — кўкламда 2—3 кун вақтингизни ажратиб, тоғ орасидаги бу қишлоқни бир томоша қилинг. Ўзбекистоннинг табиати чексиз гўзал эканини шу ерларда ҳис қиласиз...

Ғайрат Йўлдош, Ўткир Жалолхонов
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Кўпроқ янгиликлар