Ўзбекистонда уч кун давомида банклар ва мобил иловалар орқали маъмурий жарималарни тўлаш имкони бўлмайди

Ўзбекистон 19:56 / 08.04.2021 5012

Kun.uz мухбири хабар қилишича, Ички ишлар вазирлиги Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларини 9—11 апрел кунлари ушбу турдаги тўловлар қабул қилинмаслиги юзасидан огоҳлантирган.

«Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 2 апрелдаги 7/7-1009-сонли хатида жорий йил 9—12 апрел кунлари ўзининг «E-ma’muriy ish» ахборот тизимини «Электрон ҳукумат»нинг ягона биллинг тизимига интеграция қилиши сабабли вазирликнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ҳисоби юритиладиган «Ягона марказлашган ахборот тизими» иш фаолияти тўхтатилиши маълум қилинган», — дейилади Марказий банкнинг барча тижорат банкларига юборган хатида.

Шунингдек, хатда хизматлар етказиб берувчисига маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима тўловлари қабул қилинмаслиги, 12 апрелдан бошлаб мазкур турдаги тўловлар ягона биллинг тизими орқали қабул қилиниши маълум қилинган.

Маълум қилинишича, техник ишлар вақтида — жорий йилнинг 9—11 апрел кунлари Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг (МУНИС) тизими орқали «0210-МВД оплата штрафов» хизматлар етказиб берувчисига маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тўланиши лозим бўлган жарима тўловлари қабул қилинмайди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси dyhxx.ejarima.uz тизимини модернизация қилиш ва такомиллаштириш ишлари амалга оширилиши сабабли тизим 2021 йил 7 апрел куни соат 22:00дан 11 апрел куни соат 16:00га қадар вақтинча ишламаслигини маълум қилди.

Кўпроқ янгиликлар