UzAuto Motors Malibu нархини 45 млн сўмга оширди

Ўзбекистон 23:39 / 07.04.2021 18505

Компания буни ушбу автомобиль нархи бир неча йилдан буён ўзгармай келгани, бу вақтда сўм қадрсизланиб, пандемия даврида логистика харажатлари ортгани билан изоҳлади.

«Иккинчи авлод Chevrolet Malibu автомобиллари Ўзбекистон бозорида 2017 йил апрель ойидан пайдо бўлди. Ҳар бир янги Chevrolet Malibu русумининг нархи автомобиль модификациясидан келиб чиқиб тасдиқланган ва шу вақтга қадар бирор марта нархи ошмаган.

Икки литр хажмдаги турбомоторли Chevrolet Malibu LTZ Premier Facelift автомобилининг сўнгги Premium версияси 2019 йил октябрь ойида сотувга чиқарилди. Ушбу автомобилнинг нархи 2021 йил март ойигача ўзгармади.

Доллар курсининг ўсиши (30 фоиздан кўпроққа), Корея Республикаси вони курсининг долларга нисбатан мустаҳкамланиши (10-15 фоиз), пандемия ва бошқа омиллар натижасида логистика нархининг дунё миқёсида ўсиши ушбу автомобиль русуми нархининг янгиланишига асосий сабабларидан бўлди»,дейилади UzAuto Motors ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистонда янги авлод Chevrolet Equinox ва Tracker автомобиллари сотувга чиқди.

Январь ойида «Ўзавтосаноат» янги авлоддаги Tracker'нинг LT модификацияси нархи 222 млн сўм бўлишини маълум қилганди, аммо якунда бу модель айтилганидан 10 миллион қиммат – 232 млн сўмдан сотувга чиқарилди.

Ўтган ой «Ўзавтосаноат» АЖ раиси ўринбосари Азизбек Шукуров UzAuto Motors компанияси Spark ва Nexia автомобилларини зарарига ишлаб чиқариши, бу зарарни қиммат моделларни сотиш орқали қоплашини айтганди.

Кўпроқ янгиликлар