Президентнинг “Иқтисодиёт тармоқларида космик технологиялардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Масофавий зондлаш маълумотларини иқтисодиёт тармоқларига фаол жорий этиш, давлат органлари фаолиятини оптималлаштириш, аэрокосмик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш учун шарт–шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос»), Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг қуйидагиларни беғараз топшириш тўғрисидаги таклифига розилик берилади:
Кадастр агентлиги тасарруфидаги «Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси, шу жумладан, моддий-техника базаси, учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, унинг балансидаги бино ва иншоотларни «Ўзбеккосмос» агентлиги таркибига;
«Ўзбеккосмос» агентлиги тасарруфига 50 дона миқдоридаги GNSS глобал сунъий йўлдош жойлашишини аниқлайдиган доимий ишлайдиган станция тармоқлари, шу жумладан, уларни бошқариш учун ўрнатилган дастурий таъминотни.
«Ўзбеккосмос» агентлиги ҳузуридаги «Геоинновация маркази» ДУК фаолияти асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:
- иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун ерни масофадан туриб зондлаш;
- сунъий йўлдош орқали олинган маълумотлар асосида географик ахборот тизимлари, геосервислар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- давлат кадастр маълумотларини шакллантиришда ёрдам бериш;
- геодезик, топографик ва картографик ишлар олиб бориш;
- учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш соҳасида мутахассислар тайёрлаш;
- юридик ва жисмоний шахсларга учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш;
- учувчисиз учиш аппаратларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра «Геоинновация маркази» ДУКнинг учувчисиз учиш аппаратлари ва ерни масофадан туриб зондлаш маълумотлари ёрдамида аниқланган, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс VIII боби моддаларида назарда тутилган маъмурий қонунчилик бузилишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва ҳуқуқбузарларга маъмурий жазо қўллаш бўйича ваколати тегишли органларга берилади, бунда ундирилган жарималар суммаси 50 фоизи миқдорида «Геоинновация маркази» ДУК ҳисобрақамига ўтказилади.