Вакцина нархлари: Қайси, кимга, қанчадан?

Жаҳон 13:39 / 23.02.2021 51876

Январ ойи охирларида Жанубий Африка Республикаси 1,5 миллион дозада AstraZeneca вакцинасига буюртма берганди. Вакцинанинг ҳар бир дозаси африкаликларга 5,25 АҚШ долларига тушгани айтилади. Бу Европа Иттифоқи мамлакатларига сотилаётган нархдан икки баробардан қимматроқ – AstraZeneca Қўҳна қитъага вакцинасининг бир дозасини 2,15 доллардан сотяпти.

Европа Иттифоқига сотилаётган вакцина нархларини Бельгиянинг бюджет ва истеъмолчилар билан ишлаш бўйича федерал давлат котиби Эва де Блеекер ўз твиттер саҳифаси орқали беихтиёр эълон қилиб юборган ва вакцина ишлаб чиқарувчиларнинг бундай маълумот конфиденциал характерга эга экани ҳақидаги эътирозларидан кейин твит дарҳол ўчирилган. Лекин чаққон фойдаланувчилар скрин олишга улгуришган.

Жанубий Африка Республикаси расмийси Анбан Пиллайнинг айтишича, ҳукуматга 5,25 доллар Жаҳон банки таснифи бўйича ўртачадан юқорироқ киримга эга мамлакатлар учун улгуржи нарх деб айтилган. «Бошқа давлатларга вакциналар арзонроқ берилиши сабабини препарат ишлаб чиқишга сармоя киритилгани боис чегирма берилиши билан изоҳлашди», дейди Пиллай.

Бу принцип «катта ўйинчилар»га нисбатан ҳам қўлланган. Европа Иттифоқи BioNTech ва Pfizer компаниясини молиявий томондан дастаклагани учун вакцинани АҚШдан арзонроқ оляпти – Европага 14,7 доллар, АҚШга 19,5 доллар. Moderna вакцинаси эса АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилгани боис америкаликларга 15 доллардан, Европага 18 доллардан шартнома тузиляпти.

AstraZeneca вакцинаси эса анча арзонроқ. Дозаси 2,15 доллар дейилганига қарамай, Евроиттифоқ 3, АҚШ 4 доллардан тўлаши кутилмоқда.

3-фаза натижалари эълон қилиниш арафасида турган Johnson & Johnson вакцинаси ҳам бирмунча арзон – 8,5 доллар атрофида туради. Бошқа вакциналардан фарқли ўлароқ, бу препарат бир дозада олинади.

AstraZeneca ва Johnson & Johnson пандемия даврида фойда қилмасликларини эълон қилишган. Moderna ва Pfizer эса бундай баёнот беришмади. AstraZeneca пандемия ниҳоясига етгач, препаратдан фойда қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

«Вакцина нархлари эмлаш кампаниясининг бир омили, холос. Буюк Британия вакцинация дастурига ажратган 11,7 миллард фунт стерлингнинг 2,9 миллиарди беш хил турдаги 267 миллион вакцина сотиб олиш учун ажратилган», дейилади Миллий Аудит идораси баёнотида.

Ўзининг барча фуқароларини эмлаган жаҳонда биринчи давлат бўлишга даъвогар Исроил Фаластин мухторияти фуқароларини бепул эмлашдан бош тортмоқда ҳамда Pfizer ва Moderna вакциналарининг ҳар бир дозаси учун 23,5 АҚШ долларидан ҳақ тўлашни талаб қилмоқда. Шундай катта чиқимда ҳам Исроил аҳолисининг ялпи эмлаш, иқтисодий тарафдан давлатни икки кунга локдаунга туширишдан авлороқ бўлиб чиқмоқда. Исроил битимнинг шартларидан бири сифатида Pfizer’га аҳолисининг саломатлик тўғрисидаги маълумотларини аноним тарзда беришга рози бўлди.

Африканинг вакциналари

Жанубий Африка вакцина нархлари қимматлиги боис, препаратни олиш режаларини ўзгартиришга мажбур бўлди. ЖАР ҳукумати 58,5 миллион аҳолисининг 40 миллионини эмлашни кўзлаганди, лекин амалда бор-йўғи 10 миллион аҳолига етарли миқдорда вакцина олинди, холос.

ЖССТнинг вакцинани тақсимлаш COVAX дастури Африкага 600 миллион дозада вакцина ажратилишини режалаган. Бу қора қитъанинг 1 миллиард 200 миллионлик аҳолисининг чорагини эмлашга етади. Бироқ Жанубий Африка Республикаси даромади ўртачадан юқори давлатлар сирасига киради ва COVAX дастури шартларига тўғри келмайди.

Жаҳон иқтисодий форумининг 26 январда бўлиб ўтган виртуал мажлисида ЖАР президенти Сирил Рамафоса бой давлатларни ортиқча дозаларни баҳам кўришга чақирди.

28 январда 55 давлатни бирлаштирувчи Африка Иттифоқи қўшимча 400 миллион дозада вакцинага буюртма берилгани ва умумий ҳисобда 670 миллион дозага шартнома тузилганини эълон қилди. Жанубий Африка Республикаси асосий бенефициар бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда Африка аҳолисининг ярмини эмлашга етарли даражада вакцинага буюртма бериб қўйилди. Буюк Британия эса аҳолисидан уч баробар кўпроқ вакцинага битим тузиб қўйган.

«Бой давлатлар COVAX дастурида назарда тутилган вакциналар учун 27 миллиард доллар тўлаб қўйишганда эди, жуда улкан иқтисодий фойда кўрган бўлишарди», дейилади Тижоратни тадқиқ қилиш халқаро кенгашнинг баёнотида. Баёнотда камбағал давлатларда вакцинация қилишнинг кечиктирилиши глобал иқтисодиётга 9,2 триллион долларга тушиши қайд этилган.

Кўпроқ янгиликлар