Тошкентда «Diplomat university» номли хусусий университет очилади

Ўзбекистон 16:52 / 23.02.2021 2423

Ҳукуматнинг «Diplomat university» нодавлат олий таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатда «Diplomat university» олий ўқув юртини ташкил этиш белгиланмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, университет таълим дастури Ўзбекистон ва дунёдаги етакчи хорижий олий ўқув юртлари таълим дастурлари билан ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилади. Ўқув жараёнига чет эл етакчи университетларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар ва мутахассислар жалб этилади.  Университет ўқитувчилари малака ошириш ва қайта тайёрлаш учун нуфузли хорижий олий ўқув юртлари ва илмий муассасаларига амалиётга жўнатилади.

Белгиланишича, «Diplomat university»га «The times higher education» ТОП-1000 рейтингига киритилган чет эл университетларининг Ўзбекистондаги филиалини очиш ҳуқуқи берилади.

Университетда ўқитиш ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида таълимнинг кундузги, масофавий (онлайн) ва кечки шаклларида, кредит тизимига асосланган ҳолда амалга оширилади.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, университетда:

  • иқтисодиёт, ахборот технологиялари, ҳуқуқшунослик, халқаро муносабатлар йўналишларида таълим берилиши;
  • битирувчиларига республикада олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган диплом берилиши;
  • ўқув дастурининг маълум талаблари ва шартларини бажарган талаба университетни тугатгач, иккита мутахассислик (double major) ёки асосий ва турдош мутахассислик (major+minor) бўйича диплом олиши мумкинлиги тасдиқланяпти.

Қарорга биноан, университет Тошкент шаҳрида фаолият юритади. 2022 йил 1 августга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинади.

Аввалроқ, пойтахтда Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани, шаҳарда нодавлат Япония рақамли университети ташкил этилгани хабар қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар