Об-ҳаво кескин совиганда тутатиш орқали экинлар ва дарахтларни совуқ уришидан асраш мумкин – вазирлик

Ўзбекистон 16:32 / 23.02.2021 32230

Гидрометеорология хизмати маркази хабарига кўра, 24-27 феврал кунлари Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши сабабли ҳарорат кечаси 17-22 даража ва кундузи 10-15 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан мевали боғ ва узумзорлар, эртанги картошка ва сабзавот экинларини совуқ уришидан асраш мақсадида вазирлик томонидан эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилди. Унга кўра, мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш, мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш хашак, похол, шох-шабба уюмларини тўплаб, тутатиш керак бўлади. Тутатишда шамол йўналиши эътиборга олиниши ва олов алангаланиб кетмаслигига эътибор бериш сўралади.

Эртанги картошка ердан униб чиққан бўлса, эгатни полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қуйишни ташкил этиш ва бу ерда ҳам тутатишни ташкил этиш керак.

Иссиқхоналарда помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини тайёрлашни, бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш тавсия қилинади.

Вазирлик матбуот котиби Нигора Хўжаева тутун ушбу ҳолатда иссиқлик бериши ҳамда сабзавот ва экинларни совуқдан уришидан асрашини таъкидлаб ўтди. Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга 2-3 даражадаги совуқ сезиларли таъсир кўрсатмаслиги маълум қилинди.

Кўпроқ янгиликлар