Наманган шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Ўзбекистон 19:14 / 23.02.2021 18532

23 февраль куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сессияда туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришдаги муаммолар муҳокама қилинди ва ташкилий масала кўрилди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов туман ҳокимлигига шу пайтга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Ғофир Жамолов номзодини таклиф қилди.

Депутатлар ва фаоллар номзодни маъқуллади, у ҳақдаги фикрларини билдирди.

Ғофир Жамолов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1997 йилда Наманган саноат-технология институтини, 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

1997-2009 йиллар давомида Наманган шаҳар ва Наманган вилояти ҳокимликларида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.

2009-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Демография ва меҳнат бозори бўлими бош мутахассиси, бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси уй-жой, коммунал хизмат вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2020 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Наманган шаҳрини бир йилдан буён «Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг собиқ раиси Олимжон Исаев бошқариб келаётганди.

Олимжон Исаев – ўнгдан биринчи. 19 февраль, Наманган шаҳрининг Бунёдкор маҳалласи

Ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғида шаҳарнинг Бунёдкор маҳалласида бўлиб, маҳалладаги инфратузилма ҳолати юзасидан шаҳар ҳокими ва сектор раҳбари – прокурорга танбеҳ берган эди.

Шундан сўнг маҳаллада ободонлаштириш ишлари бошланди. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов шу маҳаллага контейнер ўрнатиб, унда яшашини эълон қилди.

  • Бугун, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Муҳаммадзокир Маматхонов Наманган вилояти Уйчи туманига ҳоким этиб тасдиқланди.
Кўпроқ янгиликлар