Тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш марказининг вазифалари белгиланди

Ўзбекистон 09:22 / 22.01.2021 2608

Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатувчи раҳбар ходимлар ва тиббиёт ходимлари ҳамда тиббий муҳандис-техник ходимларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, шунингдек ушбу йўналишда фаолият кўрсатувчи муассасалар фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш;
  • кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш таълим жараёнларини ташкил этишда илм-фанни ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида инновация ишларини кенг жорий этиш;
  • таълим жараёнини назарий ва амалий кўникмаларнинг узвийлигида ташкил этиш ҳамда АКТ, масофадан ўқитиш ва телемедицина услубларини ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш;
  • соғлиқни сақлашнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини тиббиёт амалиётига татбиқ этиш.

Маълумот учун, президентнинг 2020 йил 7 апрелдаги ПҚ-4666-сон қарори билан:

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилди;

Тошкент шаҳридаги 1-сон республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникаси ташкил этилди;

Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида Марказнинг филиаллари очилди.
 
Марказ ва Марказ клиникаси тегишлича давлат муассасаси ва давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Марказ директори Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Марказ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари – Марказ клиникаси бош шифокори Марказ илмий кенгашининг аъзолари томонидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади ҳамда Марказ илмий кенгашининг тақдимномасига кўра Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. 
 
Шунингдек қарор билан Марказ ва унинг клиникаси фаолиятини молиялаштириш манбалари белгиланди.

Кўпроқ янгиликлар