Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Ўзбекистон 11:12 / 22.01.2021 37907

“Бугунги кун тартибидаги масала жуда муҳим. Агар мендан сизга Бухоронинг ривожланиши маъқулми, деб сўрасангиз айтаман – номаъқул. Вилоятда 2 миллионга яқин аҳоли бор. Лекин ишсизлик, муаммолар жуда кўп. Замон шиддат билан ўзгаряпти, ҳамма давлат ўзини ўйлайди. Мен ҳам шу мамлакат президенти сифатида шу юртдаги барчанинг, миллатидан, динидан қатъи назар келажагини ўйлайман.

Ҳокимлар халқ олдидаги менинг вакилим сифатида кўнгилдагидек ишлай оляптими? Мен 4 йил ичида 2 мингта қарор ва фармонлар қабул қилдим. Бу олдинги йиллардан 4 баробар кўп. Лекин битта қарор қабул қилиш жуда азоб. Менга қарсакбозликни кўпайтириш керак эмас, нима қилсам халқим учун қиламан.

Энг кичик набирамизгача келажагини таъминлаб беришимиз керак. Ҳамма ўз фарзанди, набирасини ўйлагандай ўйласа тушуниб етади.

Ана шундай мураккаб пайтда энг катта муаммолардан бири бу кадрлар масаласи. Бухоро вилояти етакчини танлаб олиши ҳам жуда муҳим. Чунки ечимини кутаётган масалалар жуда кўп. Бухоро кўрсаткичлари бу вилоятнинг буюк номига муносиб эмас. Аччиқ бўлса-да ҳақиқат бу.

Вилоятга қарасак яна қишлоқ хўжалигига суяниб қолинган. 70 йил томимизгача пахта экдик, лекин манфаат кўрмадик. Бангладеш деган давлат пахта экмай қайта ишлаш ортидан 30-40 млрд доллар даромад қилди, биз эса хом ашё билан кўпи билан 1,2 млрд доллар ишладик.

Пахтани қайта ишлашни 30 фоиздан 70 фоизга чиқардик. Қилсак бўлар экан-ку, аёлларни, ёшларни иш билан таъминласак бўлар экан-ку. Ёшларимиз кечаги ёшлар эмас, уларнинг талаблари, дунёқараши бошқа. 

Ботир Комилович Зарипов номзодини Бухоро вилоятига ҳоким сифатида тавсия қилар эканман, агар сизларда бошқа тавсия бўлса, кўриб чиқишга тайёрман. Балки Зарипов бундай вазифага тайёр эмасдир, лекин унда иштиёқ бор, ишлашга ҳаракат бор. Мен уни 3 ойдан бери синаяпман. Рози бўлсаларинг уни ҳоким қилиб сайлаймиз ва биргаликда ишлаймиз”, – деди президент фаолларга қарата.

Депутатлар бу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Эслатиб ўтамиз, Ботир Зарипов 2020 йил 7 ноябрь куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Бунга қадар у “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритиб келган.

Кўпроқ янгиликлар