АҚШда 10 миллиондан ортиқ киши коронавирусга қарши эмланди

Жаҳон 21:22 / 14.01.2021 1484

АҚШда 10 миллиондан ортиқ киши коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини қабул қилди. Бу ҳақда АҚШ касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази (CDC) хабар берди.

Хабарда айтилишича, 14 январ ҳолатига 10 млн 278 минг 462 нафар фуқаро эмланган. Мамлакат аҳолиси 328 миллион нафардан ошади.

АҚШ Moderna ва Pfizer/BioNTech компанияларидан 30 миллион дозага яқин вакцина олган. Мамлакатда биринчи навбатда шифокорлар ва ёши 65дан ошган инсонлар эмланмоқда.

 Аввалроқ АҚШ ҳукумати коронавирусга қарши эмланадиган аҳоли қамровини кенгайтириш мақсадида биринчи дозани олганлар учун иккинчи доза сифатида бериладиган вакциналарни захира сифатида сақламаслигини билдирганди.

 Мамлакат АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азарнинг айтишича, АҚШ маъмурияти штатлар ҳукуматларига эмланадиганлар тоифасини кенгайтиришни тавсия қилади – биринчи навбатда ёши 65дан юқори бўлган соғлом одамлар ҳамда ёши 65дан кичик бўлган беморлар қамраб олинади.

Кўпроқ янгиликлар