Халқ таълими вазирлиги: Ўқувчиларнинг 96 фоизи мактабга чиқди

Ўзбекистон 23:48 / 13.01.2021 3347

11 январ, душанбадан бошлаб мактаб ўқувчиларининг қишки таътили тугади ва дарс жараёнлари бошланди. Дастлаб таълим тўлиғича анъанавий тарзда ўтказилишини эълон қилган Халқ таълими вазирлиги сўнгги соатларда бу қарорини ўзгартирди ва онлайн шаклдаги таълим ҳам сақланиб қолишини билдирди.

Kun.uz мухбири ким қандай шаклдаги таълимни танлагани, ўқувчиларнинг қанча қисми мактабларга чиққани ҳақида маълумот олиш учун ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғланди.

«Гарчи онлайн таълим шакли ҳам давом эттирилишини эълон қилган бўлсак-да, жуда кўпчилик ота-оналар фарзандларини мактабларга олиб келишди, таълим муассасалари ўқувчилар билан яна олдингидек тўлди. Буни ота-оналар анъанавий таълим аҳамиятини тушуниб етганлари, фарзандларининг уйда узоқ вақт бўлиши фанларни ўзлаштиришга салбий таъсир қилаётганини сезганлари билан изоҳлаш мумкин», дейди Рустамова.

– Аниқ рақамлардаги кўрсаткичлар қандай бўлди?

– 2021 йил 12 январь кунги ҳолатга кўра, 95 фоиз, яъни 5,9 млн ўқувчи мактабларда анъанавий таълим олмоқда. 13 январдаги кўрсаткич янада ошган – 96 фоиз.

Юқорида айтганимдай, бу – ота-оналар ва ўқувчиларнинг анъанавий таълимга астойдил тайёргарлик кўрганлари, кейинчалик онлайн шакл сақланиб қолганда ҳам ўша иштиёқ пасаймаганидан далолат.

– Ўқувчилар камлиги учун онлайн таълим сифати тушиб кетмайдими?

– Онлайн таълимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ўқувчилар сони чекланмайди. Биз пандемиянинг турли сценарийларига, шунингдек, Махсус комиссиянинг тезкор қарорларига ҳам тайёр туришимиз керак. Шу боис онлайн таълим сифати туширилмайди, аксинча, такомиллаштириб борилади.

Кўпроқ янгиликлар