«Ватанпарвар» ташкилоти: Наманганда «Ватанпарварлик автоюриши» 118 км йўл босди, тадбирларни 85 минг киши кузатди

Ўзбекистон 18:00 / 13.01.2021 2963

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, Наманганда «Ватанпарварлик автоюриши» тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилояти кенгаши ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келаётган мазкур кўргазмали автоюриш аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилишнинг ўзига хос оммавий воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Шаҳар ва туманлар марказий кўчалари бўйлаб, давлатимиз байроғи билан безатилган автокарвоннинг ўтишини минглаб юртдошларимиз ҳавас билан кузатиб қолдилар.

Наманган вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган «Автокарвоннинг ҳаракатланиш йўналиши харитаси»га кўра, навбатдаги автокарвон «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби автосаройидан йўлга чиқди. Тадбир иштирокчилари Наманган шаҳридаги Хотира майдонида гулчамбар қўйишди. Наманган шаҳри, сўнгра Норин, Учқўрғон ва Уйчи туманларидаги «Миллий маданият маркази»да ватанпарварлик ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Мазкур тадбирларда Норин туман хокими Д.Қодиров, Учқўрғон туман ҳокими ўринбосари С.Турсунов, Уйчи туман ҳокими М.Аппақов, сектор раҳбарлари, туманлардаги мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси М.Абдуллаханова, Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси – истеъфодаги полковник Х.Хидиров ва унинг ўринбосари подполковник А.Турғунов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси З.Мансуров, Наманган вилоят касаба уюшма бирлашмалари қўмитаси раиси Ш.Мусаев, «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раиси А.Алаходжаев, Наманган вилоятидаги бир қатор нуронийлар, Қуролли Кучлар ва «Ватанпарвар» ташкилотининг фахрийлари, умумтаълим мактаб ўқувчилари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи талабалари, уюшмаган ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Жойларда ўтказилган тадбирларда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида вафот этган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимларининг 36 нафар фарзандлари ҳамда оила аъзоларига, шунингдек, 2 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларига «Ватанпарвар» ташкилоти, вилоят касаба уюшмалари бирлашмалари қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, туман маданият бўлимларининг концерт дастурлари ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этиб борилди.

Ўтказилган тадбирларда жами босиб ўтилган масофа 118 км.ни ташкил қилиб, шу масофа орасида шаҳар ва туманлардан 85 минг нафардан зиёд фуқаролар кўзларида завқ, юракларида ҳаяжон билан байроқлари ҳилпираб бораётган автоуловларни кузатишди.

«Ватанпарвар» ташкилоти ахборот хизмати

Кўпроқ янгиликлар