«Халққа свет-газ беринг!» – ижтимоий тармоқларда азалий ва оғриқли мавзу

Жамият 12:01 / 22.11.2020 19177

Мавзу ҳақида юқори доираларда ҳам гапирилди. Жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ялпи мажлис вақтида ижтимоий тармоқда газ ва электр энергияси муаммосига эътибор қаратишни сўраб ёзилган изоҳларга тўхталди:

«Мана ҳозир онлайн берилаётгани учун минглаб фойдаланувчилар газ ва электр энергияси муаммосини қачон ҳал қиласизлар, деган саволлар билан бизга мурожаат қилишяпти.

«Электр йўқ, газ йўқ», ёзилаётган қанча савол бўлса шуларнинг ҳаммаси бир хил мазмунда. «Сизлар блогерлар ва халқнинг танқидларига ҳам эътибор берасизларми, халқни эшитасизларми?», дея савол беришяпти.

Албатта кузатамиз. Шу ерда ўтириб ҳам юзлаб, минглаб изоҳларни ўқиб ўтирибмиз.

Мен сизларга ваъда бераман, бизнинг тегишли қўмитамиз – Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мана шу масалани махсус ўрганиб чиқади», деди Танзила Норбоева.

Ижтимоий тармоқлар ҳар доимгидек ҳушёр: саҳифалар заҳарханда постларга, ҳақли талабларга, жойлардан хабарлар ва қизиқарли изоҳларга тўлиб-тошди. Қуйида уларнинг айримлари ҳавола қилинади.

«Мендирман Ўша»Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқмаса ҳам майли, ўша футболчиларга кетган пулни ҳам сизлар олинглар, лекин газ ва электр беринглар!

* * *

Акмал Қурбонов: Яхши ҳам газ ва свет халқимизга текинга берилмайди, бўлмаса халқ бу иккита ташкилот мутасаддилари олдида умуман иложсиз қоларди.

* * *

Вой аламжон

(Mуғанний шеърига пародия)

Ёт юртда газ лов-лов бўлди,
Вой аламжон, жон алам.
Газ кимга сийлов бўлди,
Вой аламжон, жон алам.

Шунча соққа етмасму,
Тиқилтириб кетмасму?
Нафс дегани ёв бўлди.
Вой аламжон, жон алам.

Таппи ёққанлар айтсин,
Совуққотганлар айтсин,
Кўмирлар тилло бўлди,
Вой аламжон, жон алам.

"Адо булди ўтин ҳам..."
Нидо қилди хотин ҳам.
Уйим совуқ ғор бўлди,
Вой аламжон, жон алам.

Сургани юрт кўп эди,
Тургани қунт йўқ эди,
Карантин бало бўлди,
Вой аламжон, жон алам.

@habikatura

«Истеъмолнинг кескин ошиши туфайли газ (электр токи) танқислиги юзага келди», деб баёнот бераётган мутасаддилар!

Сизларга муҳим хабарим бор: ҳар йили ноябрь охири ва март ойи бошигача Ўзбекистонда ҚИШ бўлади. Ўтган йили ҳам бўлган! Ундан миллионлаб йил аввал ҳам шундай бўлаверган. Тасаввур қиляпсизми?

Балки ишонмассиз, аммо, келаси йил ҳам бизда қиш бўлади. Ундан кейин ва ундан кейин ҳам! Наҳотки шунга фаросат етмайди??

Нимага аввалдан тайёрланмайсизлар? Нима учун аҳолига свет ва газ етказиб бера олмаяпсизлар?

«Бевосита, билвосита, янада ошириш, такомиллаштириш, мусаффо осмон, муҳтарам президентимиз ташаббуслари», деб минғирламасдан, аниқ, лўнда қилиб жавоб берадиган ЭРКАК раҳбарлар борми орангизда?

Эркаклик ҳам майли, ОДАМмисизлар ўзи?

Бу халқ оч қолса қаноат қила олади. Аммо, боласини совуқда музлаб, қалтираб ўтиришини кўтара олмайди».

Dilshod Odilov

* * *

Нархлар ошса кўз юмдик
Тўғон тошса кўз юмдик
Қовун тушса кўз юмдик
Халққа свет-газ беринг.

Таппи сўрадик молдан
Ўтин тиладик толдан
Жуда тойдикку ҳолдан
Халққа свет-газ беринг.

Ҳоким сўкса майлига
Миршаб урса майлига
Бойлар сурса майлига
Халққа свет-газ беринг.

Автомоторсдан кечдик
Қумли-шўрхок сув ичдик
Аёзга деб тўн бичдик
Халққа свет-газ беринг.

Майли қисқарсин тўйлар
Қўзиламасин қўйлар
Битмай қолсин зўр уйлар
Халққа свет-газ беринг.

Етсин ахир ноламиз
Совқотмасин боламиз
Пулимизга оламиз
Халққа свет-газ беринг.

A dan Z gacha

ГАЗСИЗ ВА ЧИРОҚСИЗ
Эрталаб вилоятга – бувимга (онамга)  сим қоқиб, ҳол-аҳволларини сўраётгандим, алоқа «пиқ» этиб узилиб қолди. Қайта қўнғироқ қилдим: оператор боғланиб бўлмаслигини маълум қилди. Яна қилдим – яна ўша жавоб. 

Кечга яқин бувимнинг ўзи телефон қилиб қолди.

«Чироқ ўчиб, мана энди келди. Ўзинг тинчмисан, болам, совуқлар қийнамаяптими?..»

«Биз яхшимиз бувижон, хавотир олманглар! Сизлар яхшимисизлар?! Нима, чироқ яна ўчяптими?»

«Ҳа, бир неча кундан бери тинмай ўчади, ўчса, ярим кунлаб ёнмайди. Кечалариям узоқ  вақт бўлмаяпти...»

Саксонни қоралаб қолган отам ва онам ўтирган уйларини гоҳ ўтин-у кўмир, гоҳ электр билан иситиб ўтиришади. Газ-ку чорак асрдан ошдиямки, йўқ. Электр газдан ҳам муҳим. Уй телефонлари ҳам электрга боғланган. Бир уми? Бутун бошли ҳаёт электрга уланган-ку. Бутун бошли ҳаёт!.. 

Бувим билан хайрлашиб бўлганимдан кейин кўнглим ғаш тортди.

Республиканинг деярли барча жойларида ҳол ушмундоқ – кўриб турибмиз, ўқиб турибмиз!

Мени хаёл олиб қочди.

Хаёлимда ким биландир баҳслаша кетдим:

«Нима бўпти чироқ бўлмаса, шунга ҳам ота гўри – қозихонами, ана Амир Темур шамнинг ёруғида ярим дунёни забт этган» дейишингиз мумкин сиз. Лекин мен айтаманки, энди шамнинг ёруғида дунёни олиш у ёқда турсин, Темур бободан қолган бир парча ерни сақлаб қолиш ҳам мушкул бўлиб қолади. Қолаверса, дунёни сўраб турганлар бугун – бошқалар. Ана ўшалардан сақланиш учун ҳам керак чироқ, газ, имконият! (Амир Темурга келсак, саройида шам ёнгани билан калласида, миясининг ичида нақ қуёш порлаган унинг, ақл қуёши, тафаккур қуёши!..) Аслида, бугун дунё сиёсатдонлари ўзларига келиб, ўзгаларнинг ерларини босиб, бўлиб олишларга чек қўйишлари, бир тутамгина умрларини эзгуликка, тотувликка, ҳамкорликка бағишлаб яшаб ўтишлари – энг мақбул йўл эканини тушуниб етсаларди. Улар тушуниб етса, қолганларнинг эргашишлари бирмунча осон кечарди. Зеро, ҳаёт деган неъмат қаршисида дунёнинг бошқа неъматлари – у тупроқ бўладими, зарми, зўрми, –  барча-барчаси кейинда туради! 

Шундай қилиб, ХХI асрда миллатни газсиз ва чироқсиз қолдириш – жиноят, кечириб бўлмас жиноят!

Бунга енгил-елпи қараб бўлмайди. «Ҳа энди, қиш уч ойда ўтади-кетади, иқтисод қилганимиз қолади», деб қараётган бўлсангиз, ана ўша жиноятга қўл урган бўласиз. 

Бунинг ортида жуда аянчли қисмат кутиб турибди. Халқнинг қисмати, давлатнинг қисмати – сиз билан бизнинг, барчамизнинг қисматимиз!

Очиқлашга ҳаракат қиламан: бугунги глобаллашув, ҳар томонлама интеграциялашув даврида халқнинг электр энергиясиз қолиши – дунёдан узилиш, демак! Дунёдан узилиш эса, қашшоқлик ва жоҳиллик, демак. Қашшоқлик ва жоҳиллик эса, яна фоҳишалик, яна мардикорлик, яна ёлланма ишчилик, демак! Бу эса, таназзул, демак! Миллат таназзули!.. Давлат таназзули!..

Ана шунақа келажак кутяпти бизни агар чироқсиз тонг оттириб, кун боттиришда давом қилсак!.. 

Шунинг учун ҳам сиз халққа гази ва чироғини бериб, эркин ишлаб рўзғор тебратишига қўйиб беринг-а, кўрасиз: унинг ўзи беш-ўн йилда ҳаммасини эплаб олади. Тирикчилигини тиклайди, тикланган тирикчилиги ортидан тириклиги эсига тушади, инсон бўлиб, миллат бўлиб қад ростлайди. Бемаъни солиқлар билан, кераксиз тақиқлар-у куракда турмайдиган жарималар билан (тўсиқлар!) унинг чопиш тезлиги (разгони!)ни ҳадеб тўхтатманг! Бошқа ҳеч нарса, ҳеч нарса керакмас унга! Мен шу элнинг ичида яшайман. У – истеъдодли, меҳнаткаш эл! Унинг халқ бўлишига қўйиб беринг! Сиз сунъий тўсиқлар билан халқ бўлиб бирлашиш учун боғланаётган ипларни чирт-чирт узиб ташлаяпсиз! Ипларнинг узилишидан чиқаётган саслар бутун дунёнинг қулоғини қоматга келтиряптию наҳотки сиз, эй шу юртнинг амалдорлари, эшитмаётган бўлсангиз!?.. 

Наҳотки, юртдошлар кўп нарса сўраётган бўлса!?..

Наҳотки, ўладиган-кетадиган дунёда жиндеккина одам бўлиш, жиндеккина мард амалдор бўлиш шунчалар қийин бўлса? Ўладиган-кетадиган дунёда-я?!..”

Мен баъзида ана шундай саркаш хаёллар суриб тураман. Хаёлларимни яна баъзида ҳозиргидек сўз билан сураман. Сўз – кема. Ҳаёт – уммоннинг қишдаги муздек суви сизиб кираётган кема. Бу – чўкиш хавфи бор, дегани.  Кўринадики, Яратганнинг қутқарув ҳалқасига ҳам эҳтиёжим мавжуд. Бизнинг ҳаммамиз ана шундай ҳалқага бўлган эҳтиёж билан яшаяпмиз, аслида...

Улуғбек Ҳамдам, 2020 йил 22 ноябрь

 

Кўпроқ янгиликлар