Улар ҳам бизнинг фарзандимиз. Имконияти чекланган болалар ўқишидаги муаммоларни ким ҳал қилади?

Жамият 19:43 / 19.11.2020 5066

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, республикада 86 та жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар учун ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернатлар мавжуд. Уларда жами 21 363 нафар ўқувчи таълим олади.

Ҳозир махсус мактабларда 1–4-синфлар анъанавий шаклда ўқимоқда. Уйи яқин 5­­–12-синф ўқувчилари қатнаб, қолганлари эса онлайн шаклда ўқимоқда. Шунда мазкур йўналишдаги тахминан 45-47 фоиз ўқувчи онлайн шаклда ўқимоқда.

Имконияти чекланган болалар оддий болаларга қараганда кўпроқ эътиборга муҳтож, пандемия шароитида улар учун таълимнинг масофавий йўлга қўйилиши яна янги муаммолар юзага чиқишига олиб келди.

Кўзи ожиз болаларни масофавий ўқишда нималар қийнамоқда?

Оқмурод Отамуродов, 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати математика-информатика фани ўқитувчиси:

— Кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар учун ихтисослашган мактабда биз болаларнинг кўз касалликларидан келиб чиқиб дарсни тақсимлаймиз. Кўз касалликлари турлича ва кўзга оғирлик тушмаслиги учун болаларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашилади. Соғлом болаларга қараганда, кўриш билан муаммоси бор болаларнинг ёзиш тезлиги 2-3, гоҳида 4 баравар паст бўлади. Ўқиш тезлиги эса 2-3 баравар паст бўлади. Улар бармоқ сезгиси асосида ўқийди, учи тўмтоқ махсус қалам – грифел асосида қоғозни ўйиб ёзишади. Бу энергия талаб қилади.

Баъзида битта тенглама бир нечта бетга ёзилади, 12 варақли дафтар 10тагина мисол билан тўлиб қолиши мумкин.

Одатий дарсларда ўқитувчилар геометрия китоби бўлмагани учун ўқитувчилар геометрик шаклларни қўлда ёки Брайл принтерида чоп этиб, ўқувчиларга кўрсатар эди. Тасаввур ҳосил қилиш учун шу усулдан фойдаланганмиз.

Пандемия шароитида эса онлайн ўқиш таълимга таъсир қилди. Масалан, кўп жойларда интернет тезлиги яхши эмас, аксар ўқувчиларда сенсор экранли телефонлар йўқ, ота-онасида шундай телефон борлар ҳам уларнинг ишдан қайтишини кутиб қолишади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида битта фан бир дарсликдан иборат бўлса, кўзи ожизлар махсус мактабида бир китоб 6–7, математика дарсликлари 8–9та китобдан иборат бўлади. Пандемияда дарсликларни тез-тез кутубхонадан алмаштириб туриш имкони ҳам кўпида йўқ.

Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг овозли тарзда мавзуларни тушунтиришининг ўзи ўқувчиларнинг ўзлаштириши учун етарли бўлмаяпти. Чунки бирор янги мавзу бошлашдан олдин ундаги элементлар обдон тушунтирилиб, ўқувчиларда тасаввур пайдо бўлгач, кейин у ҳақида маълумот бериларди. Ҳозир онлайн дарсда мавзу бирданига тушунтириб кетилса, болалар ҳали тасаввур пайдо бўлмасдан маълумотларни ўзлаштира олмайди.

Интернет трафиги етарли бўлмагани учун кичик мегабайтли материаллардан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳам болалар билан ишлашни қийинлаштирмоқда.

Ўқувчилар бажарган уйга вазифаларни текшириш имкони эса жуда кам. Сабаби Брайл алифбосида ёзилган варақлар расмга олиб юборилса, уни бошқа одам ўқий олиши қийин.

Эшитиши заиф болалар масофавий таълимида қандай муаммолар бор?

Дилмурод Юсупов, Буюк Британиянинг Сассекс университети қошидаги Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти, инклюзив ривожланиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар масалалари бўйича тадқиқотчи:

— Айни пайтда олиб борилаётган теледарсларда сурдотаржима ҳам бериб борилади. Лекин бошланғич синф кар-соқов болалар имо-ишора тилини яхши билишмайди. Бундан ташқари, эфирга узатилаётган дарсларни эшитиши заиф болаларга тушунтириш учун нафақат сурдотаржимон, балки сурдопедагог ҳам керак. Масалан, физика фанини болаларга таржима қилиб бераётган шахс шу фанни ҳам яхши билиши керак. Шунчаки таржима қилиб кетадиган бўлса, ўқувчи фанни ўзлаштира олмайди.

Эшитиши заифлар ўқийдиган интернатлардаги ўқув дастурлари умумтаълим мактаблариникидан фарқ қилади. Имконияти чекланган болалар бир йил кўпроқ ўқишади ва уларнинг дастурлари нисбатан осонлаштирилган. Масалан, эшитиши заиф болалар инглиз тили ўқишмайди.

Таклиф: 7-синф умумтаълим мактаби билан 7-синф кар ва заиф эшитувчилар махсус мактабларининг ўқув дастурларида фарқ бор. Шуни ҳисобга олиб, дарсларни тўғридан тўғри сурдотаржима қилмасдан, бундай болалар учун алоҳида канал очиш орқали сурдопедагоглар ёрдамида дарс ўтиш кўпроқ самара бериши мумкин.

Тўғри, бу инклюзив таълим қоидаларига тўғри келмайди, лекин ҳозир махсус интернатларда таълим берилаётганини ҳисобга олиб, имконияти чекланган болалар учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиши лозим.

Халқ таълими вазирлиги дарсларнинг сурдотаржима билан берилаётгани ҳақида ҳисоботларида айтиб ўтиши мумкин, лекин вазирлик бу муаммони имкон қадар ичига кириб ҳал қилиши керак. Чунки болаларнинг ўзлаштириши биринчи даражали аҳамиятга эга.

«Сурдотаржимонлар сони қўл билан санагулик...»

— Ўзбекистонда имо-ишора тили мавқейи ҳали тўлиқ аниқланмаган. Бизда қонунчилик бўйича имо-ишора тили инсонлараро мулоқот воситаси сифатида таърифланган. Бошқа давлатларда имо-ишора тили давлат тили сифатида эътироф этилади ва уни ривожлантириш учун давлат ёрдам беради. Лекин бизда на имо-ишора тили ривожланган, на имо-ишора таржимонлари етарли.

Тошкент шаҳрининг ўзида сурдотаржимонларни қўл билан санаш мумкин. Умуман, сурдотаржимонлик унчалик жозибали касб ҳам эмас. Бу касбни, асосан, ота-онаси ёки яқин қариндошлари гапира олмайдиган кишилар танлайди.

ОТМларда имконияти чекланган абитуриентлар учун алоҳида квота ажратилган, лекин ўқитиш учун ҳам шароит етарли эмас. Масалан, университет ёки ҳукуматнинг ўзи кар-соқов талабалар учун сурдотаржимонлар хизматини, кўзи ожиз талабалар учун эса матнни ўқиб берувчилар (Reader) хизматини таклиф қилиши лозим. Чет элда бу амалиёт бор.

Бизга таълим тизими яқин Россияда эшитиш қобилияти чекланган ҳар бир фуқаро йилига федерал бюджет ҳисобидан 40 соатгача сурдотаржимадан фойдаланиш ҳуқуқига эга, кўр-карлар эса 240 соатгача тифлосурдотаржима (мулоқотнинг дактил (бармоқли), бармоқлар билан сўзлашиш, кафтга-кафт услуби орқали имо-ишора) хизматларини олишлари мумкин. Қўшни Қозоғистонда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йилига 30 соатгача имо-ишора тили бўйича мутахассис хизмати кўрсатилади. Aммо Ўзбекистонда имо-ишора хизматларининг минимал соатлари қонуний равишда белгиланмаган ва ногиронларга кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига киритилмаган.

Таклиф: Агар Ўзбекистонда ҳам давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сурдотаржима, тифлосурдотаржима хизматлари кўрсатилса, бу касбга қизиқувчилар ҳам кўпайган бўлар эди. Бундан ташқари, бу таълим олиш сифатига ҳам таъсир қилган бўлар эди.

«Moodle'даги маълумотларни гапирувчи дастурлар ёрдамида ўқиб бўлмайди»

Мирали Ғиёсов, талаба:

— Ногиронлиги бор шахслар турли тарафдан имконияти чекланган бўлиши мумкин. Оёғи ёки қўли ишламайдиган ёшлар ўқишга боришга, мустақил ҳаракатланишга қийналади. Улар учун пандемия бошлангач уйда таълим олиш нисбатан қулайроқ бўлди, менимча. Лекин кўзи ожиз имконияти чекланганлар учун масофадан таълим олиш анча қийин.

Мен университет талабасиман. Кўпчилик ОТМларда Moodle тизими орқали дарслар давом этмоқда. Бундаги энг катта муаммо – Moodle'даги маълумотларни кўзи ожиз фойдаланувчилар учун мослаштирилган гапирувчи дастурлар ёрдамида ўқиб бўлмаслигида.

Платформага юкланган маълумотларни олиб кимгадир ўқитишга тўғри келади. Бунинг эса имкони деярли йўқ. Ўзим мустақил ўқишга ҳаракат қиламан десам эса ўзбек тилидаги илмий асарларни ўқиб бера оладиган нутқ синтезатори йўқ.

Мен компютерда мустақил ва анча яхши ишлай оламан, лекин компютер технологияларидан мустақил фойдалана олмайдиган кўзи ожизлар ҳам кўп. Пандемия даврида улар жамиятдан баттар узилиб қолишди. Онлайн таълим шароитида ҳар қанча ҳаракат қилинса ҳам, кўзи ожизлар учун самарали усулларни топиш қийин бўлмоқда.

Ўқитувчилар ҳам талабаларни тушуниши, алоқани самарали ташкил этиши керак. Масалан, бир дарcдан янги ўқитувчи дарс ўта бошласа ва у гуруҳдаги имконияти чекланган талабаларни билмасдан туриб, улардан соғлом инсонлар билан бир нарсани талаб қилмасликлари керак. Масалан, мен ўзим хоҳласам ҳам, Moodle платформаси орқали ўқий олмайман.

Бундай пайтда имконияти чекланган талаба ўз дунёсида, ўз қобиғида қолиб кетиши мумкин.

«Имконияти чекланган болаларнинг аксарида компютер йўқ»

Ойбек Исоқов, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси:

— Бизга масофавий таълим билан боғлиқ кўп аризалар келади. Муаммо шундаки, кўпчилик ногирон болаларда компютер йўқ.

Иккинчи асосий муаммо – интернет қимматлиги. Бу бўйича бизнинг таклифларимиз ҳам бор. Кўп давлатларда имконияти чекланган ўқувчи, талабаларга компютерлар текинга фойдаланишга берилади. Майли, давлатнинг бунга имкони бўлмас. Шунинг учун имконияти чекланган ёшлар учун компютерлар кредит асосида берилса, яхши бўларди.

Бундан ташқари, имконияти чекланганларга интернет трафиклари учун ойлик тўловларда ҳеч бўлмаса 30 фоиз чегирма қилиб берилса, яхши бўларди. Сабаби, имконияти чекланган шахсларнинг нафақа пули юқори эмас: 450 минг сўм, энг кўпроқ пул оладиганлари ҳам 650 минг сўм атрофида нафақа олади. Улар қайси пулга компютер олиши, интернет трафигига етказиши мумкин? Таълим олаётган имконияти чекланганлар шу томонлама қийналмоқда.

Имконияти чекланган болалар ҳам президент бўлишни орзу қила олиши керак

Ўтган йили Ўзбекистонда ўтган халқаро тадбирлардан бирига таниқли блогер ва тренер Владимир Васкевич келган эди. Болалигидан мутлақо кўрмайдиган россиялик блогер 20дан ортиқ давлатга саёҳат қилган.

Владимир Васкевич тадбирда ўтирганларга шундай деган эди:

Владимир Васкевич

«Мен 24 ёшдаман. Гарчи кўзларим ожиз бўлса-да, шу кунга қадар дунёнинг 20дан ортиқ давлатида бўлганман. Ўзбекистоннинг ҳам кўпгина жойларини биламан. Имконияти чекланган болалар ҳам бошқалар қатори катта нарсаларни орзу қилишга, ўрганишга ҳақли.

Имконияти чекланган болаларга технологиялардан фойдаланишни чуқурроқ ўргатиш керак. Улар бу орқали таълим олиши, барча қатори ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши, ўз блогларини юритиши мумкин. Технологиялар имконияти чекланган одамларга ишлаш, оиласини таъминлаш имконини ҳам беради».

Владимир залда ўтирган юздан ортиқ одамларни бир муддат кўзларини юмган ҳолда дунёни тасаввур қилиб кўришга чақирганди.

«Кўриб турганингиздай, ҳеч нарса сиз кутгандай қўрқинчли эмас. Мен мана шу қоронғу дунёда яшаб, болалигимдан футбол ўйнашни, яхталарга чиқишни ўрганганман, президент бўлишни хоҳлаганман», – деганди кўзи ожиз саёҳатчи форум иштирокчиларига қарата.

Ўзбекистонда ҳам имконияти чекланган болалар кўп нарсаларга эришиши, президент бўлишни орзу қилиши мумкин. Агар уларнинг таълим олиши ва жамиятда ўз ўринларини топишлари учун шароит яратишга имкон қадар кўпроқ ҳаракат қилинса.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар