Путин АҚШ билан ядровий шартномани «ҳеч қандай шартларсиз» узайтиришни таклиф қилди

Жаҳон 18:22 / 16.10.2020 7430

 Россия президенти Владимир Путин Россия ва АҚШ ўртасидаги Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш тўғрисидаги шартномани ҳеч қандай шартларсиз яна бир йилга узайтиришни таклиф қилди.

 «Менда таклиф бор, яъни мавжуд муаммолар бўйича барча йўналишларда мазмунли музокаралар ўтказиш имкониятига эга бўлиш учун шартномани ҳеч қандай шартларсиз яна бир йилга узайтириш», — деди у Россия хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан ўтказилган йиғилишда.

Путиннинг изоҳ беришича, бу Россия, АҚШ ва стратегик барқарорлик сақланиб қолишидан манфаатдор барча давлатларни «мана шундай асосий ҳужжатсиз қолишининг» олдини олади.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг маълумот беришича, Москва шартномани ҳеч қандай шартларсиз яна беш йилга узайтириш бўйича келишувга эришиш учун Вашингтон билан мунтазам мулоқотда бўлиб турибди.

Путиннинг саволига жавоб бераркан, у шартнома муддати 4 февралда тугашини ҳамда усиз Россия ва АҚШ «стратегик барқарорликни ушлаб туришни таъминлайдиган» воситасиз қолишини айтди.

АҚШ шартномани икки мамлакат ядро қуролларини вақтинча музлатиш шарти билан узайтиришга тайёрлигини маълум қилган.

Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш тўғрисидаги шартнома 2010 йилда ўша вақтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведев ва АҚШ президенти бўлган Барак Обама томонидан имзоланган. Шартнома 2011 йилдан кучга кирган бўлиб, 2021 йил 4 февралгача амал қилади.

Кўпроқ янгиликлар