Ўзбекистонда ягона кулолчилик мажмуаси фаолиятини бошлашга тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон 17:31 / 15.10.2020 3281

Айни кунларда Фарғона водийсининг энг қадимги масканларидан бири, кулоллар юрти дея эътироф этиладиган Риштонда Ўзбекистонда ягона бўлган кулолчилик мажмуасида сўнгги пардозлаш ишлари кетмоқда. Мажмуа уста кулоллар учун барча шарт-шароитларга эга устахона ва тураржойлар бўлиб қолмай, чет эллик сайёҳларнинг ҳам севимли жойига айланиши кутилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида юртимизда ёшлар, аёллар ҳамда аҳолининг кам таъминланган қисмини миллий ҳунармандчиликка кенг жалб қилиш ва шу орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида қатор тижорат банклари зиммасига устувор вазифалар юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилигида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан барпо этилаётган Риштон кулолчилик мажмуаси ҳам бу борадаги ишларнинг амалий ифодасидир.

Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашган Риштон кулолчилик мажмуаси 20 нафар кулол-ҳунарманд учун икки қаватли (шундан биринчи қавати устахона ва савдо дўкони) кулолчилик хонадонлари, музей-галерея ва банк хизматлари марказини ўз ичига олади.

1,1 гектар ер майдонидан иборат мажмуани барпо этишда Ўзсаноатқурилишбанк қошидаги “SQB Capital” компанияси томонидан 19 млрд сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Эътиборлиси, мажмуани барпо этиш жараёнида риштонлик ҳунармандлар, хусусан, уста кулоллар билан кенгашиб иш олиб борилди. Натижада ҳар бир тураржой ўзига хос меъморий ечимга, таъбир жоиз бўлса, меъморларнинг дастхатига эга бўлди.

Мажмуа ишга туширилиши билан 230 га яқин янги иш ўринлари яратилиши ҳамда ҳунармандлар томонидан яратилган нодир маҳсулотлар хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Айни пайтда мажмуадаги кўргазма-музей миллий амалий санъатимиз намуналари билан танишиш, қолаверса, кулолчилик асарларини яратилишини кузатиш имконияти Риштоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошишига ҳам хизмат қилади.

Шу билан бирга айни кунларда мажмуага ёндош “Хўжа Рушноий” тарихий ёдгорлиги мажмуаси ҳам Ўзсаноатқурилишбанк ҳомийлигида капитал таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан барпо этилаётган Риштон кулолчилик мажмуаси ҳамда тикланаётган “Хўжа Рушноий” тарихий ёдгорлиги миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга, керак бўлса, янада сайқал топган ҳолда келажак авлодга етказилишига, дунё халқларини халқимизнинг бетакрор маънавий олами билан таништиришга хизмат қилади.

Банк Ахборот хизмати

Кўпроқ янгиликлар