Бухоро ва Сардобадаги офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича 32 хил лойиҳа ишлаб чиқилди

Ўзбекистон 22:49 / 15.10.2020 4020

Вазирлик бошқарма бошлиғи Шуҳрат Отажоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, олимлар жамоасидан иборат ҳайъат маъқуллаган лойиҳаларни молиялаштириш ва ишга тушириш чоралари кўрилади.

«Ишлаб чиқилган лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад – табиий офатлар оқибатларини бартараф қилиш ва илмий ечимини таъминлашга республикадаги мавжуд илмий-инновацион салоҳиятни жалб қилишдан иборат.

Танловга илмий ташкилотлардан, олий таълим муассасаларидан жами 56та лойиҳа келиб тушди. Дастлабки техник экспертиза натижаларига кўра, 32та лойиҳа кейинги босқичга тавсия этилди. Олимлар аввал ўзлари ишлаб чиққан илмий лойиҳалар тақдимотини қилишди.

Бунда асосий йўналишлар – табиий офатлар юз берган ҳудудлардаги флора ва фаунани яхшилашнинг илмий ечимини топиш, ўзгарган тупроқ шароитига мос келадиган ўсимлик турларини аниқлаш, зарарланган тупроқ унумдорлигини тиклаш, гидротехник иншоотлар сейсмик мустаҳкамлигини таъминлашни қамраб олади.

Табиий офатлар юз берган жойда табиий иқлим шароитлари ҳам ўзгариб кетади. Масалан, сув тошқини бўладиган бўлса, тупроқ таркиби ҳам ўзгаради. Танлов доирасида тақдим қилинган лойиҳаларда бу каби ҳолатларга ечим мавжуд.

Танловнинг иккинчи босқичи, бу – илмий экспертиза. Унда лойиҳа раҳбари лойиҳасини тақдимот қилиб беради. Тақдимотда 60 фоиздан юқори балл тўпланса, лойиҳа молиялашга тавсия этилади», – дейди Шуҳрат Отажонов.

Тадбирда таъкидланишича, танловга тақдим этилган ҳар бир лойиҳага молиявий экспертиза натижаларига мувофиқ йилига 500 млн сўмдан 1 млрд сўмгача маблағ ажратилади.

Танловнинг 6та муҳим йўналишлари доирасида жами 16та амалий ёки инновацион лойиҳа ғолиб деб топилади ва илмий фаолиятга оид давлат дастурларига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Кўпроқ янгиликлар